АсосийЖАМИЯТ

Никотин бозори: тақиқ, яширин савдо ва илмий далиллар

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) ташаббуси билан ташкил этилган "Тараққиёт нуқтаси" мунозара клуби бир йилдан ортиқ вақтдан буён мамлакатдаги долзарб ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва сиёсий масалаларни соҳа вакиллари, экспертлар ҳамда жамоатчилик фаоллари билан очиқ мулоқотда муҳокама қилиб келмоқда.

'Никотин бозори: тақиқ, яширин савдо ва илмий далиллар'ning rasmi

Ўзбекистонда никотин маҳсулотлари савдоси, уларга нисбатан жорий этилган тақиқлар ва яширин бозорнинг таъсири муҳокама марказида бўлди. Тадбиркорлар, депутатлар, давлат идоралари ва экспертлар иштирокидаги баҳсларда қонун талаблари, ҳалол тадбиркорлик муаммолари ҳамда тақиқнинг самарадорлиги ҳақида сўз борди.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) ташаббуси билан ташкил этилган «Тараққиёт нуқтаси» мунозара клуби бир йилдан ортиқ вақтдан буён мамлакатдаги долзарб ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва сиёсий масалаларни соҳа вакиллари, экспертлар ҳамда жамоатчилик фаоллари билан очиқ мулоқотда муҳокама қилиб келмоқда.

Клубнинг бу галги муҳокамаси тадбиркорлар муаммолари ва уларнинг ечимларига бағишланди. Депутатлар, Бизнес-омбудсман, Солиқ ва Божхона қўмиталари вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирокидаги учрашувда тамаки ва никотин маҳсулотлари масаласи энг қизғин баҳслардан бирига айланди.

Чунки бу соҳада уч хил бозор тўқнаш келмоқда:

  • қонуний бозор — алкоголь ва анъанавий тамаки маҳсулотлари;

  • тақиқланган бозор — электрон сигареталар ва чекилмайдиган никотин маҳсулотлари;

  • яширин бозор — акцизсиз, ҳужжатларсиз олиб кирилиб, яширин савдо нуқталари орқали сотиладиган маҳсулотлар.

Қайд этилишича, ЎРҚ-1098-сон қонун тақиқланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сақлаш, сотиш ва олиб кириш учун жавобгарликни кучайтирди. Шунингдек, сигареталарни донабай сотиш тақиқланган, 21 ёшдан кичик кўринган харидорлардан эса шахсини тасдиқловчи ҳужжат сўралади. Қонун қабул қилинишига асосий сабаблардан бири сифатида янги турдаги никотин маҳсулотларининг, айниқса, болалар ва ёшлар орасида тарқалиши кўрсатилган.

Ҳалол тадбиркор зарар кўряптими?

Муҳокамада тамаки ва алкоголь маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлардан бири нақд пулсиз тўлов талаблари жорий этилганидан кейин тушуми аввалги даражанинг қарийб 40 фоизигача тушиб кетганини айтди. Унинг кузатувларига кўра, айрим харидорлар карта орқали тўлашни истамай, маҳсулотларни норасмий савдо нуқталаридан харид қилмоқда.

Яна бир муаммо — савдо субъектлари учун белгиланган талаблардаги фарқ. 1 июндан меҳмонхона ва умумий овқатланиш корхоналарига алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун нақд пул қабул қилишга рухсат берилган, оддий чакана савдо дўконларига эса бундай имконият берилмаган.

Натижада касса аппарати, тўлов терминали, рақамли маркировка ва харидорнинг ёшини текшириш каби талабларга амал қилаётган тадбиркор бу харажатларни ўз зиммасига олмайдиган норасмий сотувчилар билан тенг бўлмаган рақобат шароитида қолмоқда.

Мазкур масала муҳокама давомида тадбиркорлар томонидан ҳам кўтарилди. Бизнес-омбудсманнинг тадбиркорлик субъектлари мурожаатлари билан ишлаш шўбаси мудири Гулжамол Шукурованинг айтишича, туристларга хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам шунга ўхшаш муаммолар бўйича мурожаатлар мавжуд. Айни пайтда уларни ҳал этишнинг муқобил йўллари кўриб чиқилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси Солиқ солиш методологияси департаментининг солиқ солиш бўйича маслаҳат бўлими бошлиғи Исматилла Севинчовнинг билдиришича, нақд пулсиз тўловларга ўтилганидан кейин ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи ошган, жамоат транспорти каби нақд пулсиз тўлов тизимига ўтган соҳаларда тушумлар кўпайган.

Унинг таъкидлашича, Солиқ қўмитаси яширин иқтисодиёт омилларини ҳам ҳисобга олган ҳолда ушбу масалани ўрганиб, муқобил ечим таклиф қилади.

Тақиқ самара берадими? Далиллар баҳсли

Муҳокамада электрон сигареталарга тақиқ жорий этишнинг самарадорлиги ҳам кўриб чиқилди. Мисол тариқасида Бразилия тажрибаси келтирилди. Ушбу мамлакатда электрон сигареталар 2009 йилдан буён тақиқланган.

«The Lancet» журналида чоп этилган мақолалардан бирида 2018–2023 йилларда Бразилияда катталар орасида электрон сигареталардан фойдаланиш қарийб 600 фоизга ошгани ҳақида маълумот берилган. Бироқ бошқа муаллифлар ушбу таҳлилда тамаки саноати билвосита молиялаштирган сўровдан фойдаланилганини таъкидлаб, натижаларга танқидий муносабат билдирган.

Демак, тақиқнинг самарадорлиги ҳақидаги рақамларни баҳолашда тадқиқот манбаси, методологияси ва молиялаштириш манбаларини ҳам ҳисобга олиш зарур.

Шунингдек, Австралия ва Бразилия тажрибаси асосида «тақиқ ишламайди» деган хулосаларни илгари сурган айрим ҳисоботлар саноат билан яқин алоқадаги таҳлил марказлари томонидан тайёрланган. Шу сабабли уларни мустақил илмий тадқиқотлар билан солиштириш муҳим.

Аргентина қандай йўлни танлади?

Аргентинада узоқ йиллик тақиқдан кейин никотин маҳсулотларини рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг таркибини текшириш тизимига ўтиш тўғрисида қарор қабул қилингани мисол сифатида келтирилди.

Ушбу ёндашув тарафдорларига кўра, ҳар бир маҳсулот ягона реестрдан ўтказилиши, никотин миқдори чекланиши, фақат тамаки таъмига рухсат берилиши, қадоқларда болаларни жалб қилувчи тасвирлардан фойдаланилмаслиги ва огоҳлантирувчи ёзувлар қадоқнинг катта қисмини эгаллаши керак.

Уларнинг фикрича, бундай тизим назоратдан ўтган маҳсулотларни ноқонуний маҳсулотлардан ажратиш имконини беради. Бироқ танқидчилар қоидаларнинг мавжудлиги уларнинг амалда бажарилишини кафолатламаслиги ва солиқ модели ҳам тўлиқ ишлаб чиқилмаганини таъкидлайди.

Мазкур модел нисбатан янги бўлгани учун унинг узоқ муддатли натижалари ҳали маълум эмас. Ўзбекистонда ҳам шундай тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш учун амалдаги қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритиш талаб этилади.

Ўзбекистонда маълумотлар етарлими?

Мамлакатда электрон сигареталар истеъмоли бўйича очиқ манбаларда келтирилган энг яқин маълумотлардан бири — 2021 йилда ўтказилган Ёшлар ўртасида тамаки истеъмолини ўрганиш халқаро тадқиқотининг (Global Youth Tobacco Survey) хом маълумотлар базаси.

Унда 13–15 ёшли ўсмирларга оид 5 596 та тўғри жавобдан 157 тасида электрон сигаретани синаб кўрилгани қайд этилган. Бу қарийб 2,8 фоизни ташкил қилади.

Бироқ мазкур кўрсаткич вазнланмаган хом ҳисоб бўлиб, расмий статистик кўрсаткич эмас. Бундан ташқари, маълумотлар тақиқ жорий этилишидан олдинги даврга тегишли. Тақиқдан кейин ёшлар ўртасидаги истеъмолни солиштириш имконини берувчи очиқ маълумотлар эса мавжуд эмас.

Марказий Осиёда никотин истеъмоли билан боғлиқ яна бир муаммо — носвой. Минтақада ўтказилган тадқиқотларга кўра, унинг таркибида никотин ва тамакига хос нитрозаминлар миқдори юқори ҳамда ўзгарувчан бўлиши мумкин. Бу моддалар саломатлик учун, жумладан, саратон ва юрак-қон томир касалликлари хавфи нуқтаи назаридан жиддий ташвиш уйғотади.

Қандай кўрсаткичларни ўлчаш керак?

Муҳокамада никотин маҳсулотларига нисбатан тақиқ ёки эркин савдони танлашдан кўра, аниқ маълумотлар асосида қарор қабул қилиш зарурлиги таъкидланди.

Бунинг учун қуйидаги кўрсаткичларни ўрганиш таклиф этилди:

  • 13–15 ва 16–24 ёшлилар орасида никотин маҳсулотларини истеъмол қилиш даражаси тақиқдан олдин ва кейин қандай ўзгаргани;

  • божхонада мусодара қилинган маҳсулотлар ҳажми ва ички бозорда аниқланган ноқонуний савдо нуқталари сони;

  • яширин бозордаги маҳсулотлар нархининг ўзгариши;

  • ноқонуний савдо туфайли давлат қанча миқдорда акциз солиғи ва бошқа солиқ тушумларидан маҳрум бўлаётгани.

Бунинг учун Божхона қўмитаси, Солиқ қўмитаси, прокуратура, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Бизнес-омбудсман маълумотларини ягона тизимда жамлаш зарур. Акс ҳолда, соҳадаги ўзгаришлар ҳақидаги хулосалар етарли далилларга эмас, тахминларга асосланиб қолиши мумкин.

Муҳокамадаги асосий хулоса шуки, никотин маҳсулотларининг савдо расталаридан йўқолиши уларнинг бозордан бутунлай йўқолганини англатмайди. Самарали сиёсатни белгилаш учун тақиқнинг ўзи эмас, унинг ёшлар саломатлигига, яширин савдога, тадбиркорлик муҳитига ва давлат бюджетига таъсирини ҳам ўлчаш зарур.

    Бошқа янгиликлар