“Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори воситаларидан жабрланган болаларнинг оилаларига компенсация тўлиқ тўлаб берилди. Судланган шахслардан товон пулининг атиги 20 фоизи ундирилган, қолган 80 фоизи эса давлат ҳисобидан қопланган. Бу ҳақда “Gazeta.uz” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, компенсациянинг қолган қисми 2026 йил 20–24 октябрь кунлари тўланган. Мажбурий ижро бюроси матбуот котиби Фаррух Тошпўлатов ҳам ушбу маълумотни тасдиқлаган.
Суд ҳукмига кўра, товон пули Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари ва унинг ўринбосарлари, шунингдек, дори воситаларини ишлаб чиқарувчининг Ўзбекистондаги расмий дистрибьютори — “Quramax” МЧЖ вакилларидан ундирилиши керак эди.
Бироқ “Gazeta.uz” нашри жабрланувчиларнинг ота-оналари тақдим этган банк ҳужжатларини ўрганиб, уч йил давомида судланган шахслардан белгиланган товон пулининг атиги 20 фоизи ундирилганини аниқлаган. Охирги ундирув 2026 йил август ойида амалга оширилган.
Октябрь ойида эса компенсациянинг қолган 80 фоизи давлат ҳисобидан тўлиқ қопланган. Ота-оналарнинг айтишича, масъуллар ногиронлиги бўлган болаларнинг ҳолидан ҳам хабар олиб турибди.
Ҳозирча компенсация жами нечта фуқарога ва қанча миқдорда тўлангани, шунингдек, давлат ҳисобидан қопланган маблағлар кейинчалик судланган шахслардан қайта ундирилиши ёки ундирилмаслиги маълум эмас.
Мажбурий ижро бюроси матбуот котиби Фаррух Тошпўлатов ушбу масала юзасидан яқин вақт ичида Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда жамоатчиликка маълумот берилиши ва матбуот анжумани ташкил этилиши мумкинлигини билдирган.
Аввалроқ Мажбурий ижро бюроси “Док-1 Макс” фожиаси бўйича 85 нафар фуқаро фойдасига жами 78 миллиард сўм зарарни ундириш юзасидан ижро ишлари олиб борилаётганини маълум қилганди. 2026 йил 7 октябрь ҳолатига кўра, ушбу маблағнинг 16,7 миллиард сўми жабрланувчиларга тўлаб берилган, қолган 61,3 миллиард сўмни ундириш ишлари давом этган.
Эслатиб ўтамиз, “Док-1 Макс” фожиаси оқибатида Ўзбекистонда 68 нафар бола вафот этган, 16 нафари ногирон бўлиб қолган. Суд ҳукмига мувофиқ, вафот этган болаларнинг қонуний вакилларига 1 миллиард сўмдан, оғир тан жароҳати олиб ногирон бўлиб қолган болаларнинг қонуний вакилларига 500 миллион сўмдан, енгил тан жароҳати олган жабрланувчиларга эса 200 миллион сўмдан товон пули тўлаш белгиланган.






