Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчиси Баҳром Ашрафхонов Ислом цивилизацияси марказини икки мамлакат олимлари ва тадқиқотчиларини бирлаштирадиган халқаро мулоқот майдонига айлантиришни таклиф қилди.
26 октябрь куни Озарбайжон пойтахтидаги Халқаро Муғом марказида "Ўзбекистон ва Озарбайжон: муштарак тарихий мерос, ислом цивилизацияси ва замонавий илмий ҳамкорлик" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Унда икки мамлакат дипломатлари, олимлар, илмий муассасалар ва музейлар раҳбарлари, шунингдек, диний соҳа ҳамда маданият намояндалари иштирок этди.
Конференцияда сўзга чиққан Баҳром Ашрафхонов Ўзбекистон ва Озарбайжонни асрлар давомида боғлаб келган тарихий алоқалар ҳамда муштарак илмий мерос бугунги ҳамкорлик учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Элчининг қайд этишича, Буюк ипак йўли орқали икки ҳудуд ўртасида нафақат савдо-сотиқ, балки илмий ғоялар, китоблар ва маданий анъаналар ҳам тарқалган. Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Низомий Ганжавий ва Муҳаммад Фузулий каби мутафаккирларнинг мероси икки халқ ўртасидаги маънавий яқинликни ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
Баҳром Ашрафхонов Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тарихий меросни сақлаш, тадқиқ этиш ва халқаро миқёсда тарғиб қилишдаги ўрнига ҳам тўхталди.
"Бу ерда ўтмиш бугунги кунга ғоялар тақдим этиб, келажагимизнинг маънавий ва маконий асосларини шакллантиради", — деди элчи.
Ушбу марказ Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилганини таъкидлаган дипломат унинг асосий мақсади буюк аждодлар меросини келажак авлодлар учун илм-маърифат ва илҳом манбаига айлантиришдан иборат эканини қайд этди.
Шунингдек, у икки мамлакат университетлари, илмий-тадқиқот институтлари ва музейлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, ёш олимлар учун қўшма дастурлар ташкил этиш ҳамда муштарак тарихий меросни биргаликда ўрганишга чақирди.
"Биз муштарак тарихий хотирамизни биргаликда ўрганиш ва бойитиш, ёш тадқиқотчилар учун дастурларни амалга ошириш ҳамда қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишдан манфаатдормиз", — деди Баҳром Ашрафхонов.
Элчи Ислом цивилизацияси маркази илмий ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратиши мумкинлигини таъкидлаб, уни халқаро мулоқот майдонига айлантириш таклифини илгари сурди.
Конференция доирасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Бокудаги тадбирлар доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Озарбайжон Миллий Фанлар академияси ўртасида илмий ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Келишув икки мамлакатнинг муштарак тарихий меросини биргаликда ўрганиш, илмий муассасалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўшма тадқиқотларни ривожлантиришга қаратилган.
Мазкур ҳамкорлик икки халқнинг тарихий ва маданий яқинлигини илмий лойиҳалар орқали янада чуқурроқ ўрганиш, шунингдек, ёш тадқиқотчилар учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.






