Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида хонадонда содир бўлган ёнғиндан сўнг 26 ёшли аёлнинг жасади топилди. Бу ҳақида Darakchi.uz'га бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 2026 йил 24 октябрь куни соат 02:00 атрофида содир бўлган. Хонадондан топилган аёлнинг танасида елка қисмидан сон соҳасигача бўлган жойларда термик жароҳатлар аниқланган.
Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида ошхона, ётоқхона ва меҳмонхонада бир-бирига боғлиқ бўлмаган учта ёнғин ўчоғи ҳамда қасддан ўт қўйиш аломатлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан шу куни Учтепа тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми, яъни қасддан одам ўлдириш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов натижаларига кўра қонуний қарор қабул қилиниши ва қўшимча ахборот берилиши маълум қилинган.






