Бирлашган Миллатлар Ташкилоти гепатит касаллиги бўйича статистик таҳлилларни эълон қилди. бу ҳақида ССВ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ҳисоботда қайд этилишича, гепатитнинг А, B, C, D ва E деб аталувчи бешта асосий тури мавжуд. Уларнинг барчаси жигар хасталигини келтириб чиқаради.
Ер юзида ҳар 30 сонияда бир киши гепатит оқибатида ҳаётдан кўз юммоқда. Айниқса, унинг B ва C турлари юз миллионлаб одамларда сурункали касалликларни юзага келтиряпти ҳамда цирроз ва жигар саратонининг энг кенг тарқалган омили бўлиб турибди.
Хусусан, ҳозир жаҳонда тахминан 325 миллион киши гепатит B ва C дан азият чекмоқда ва касалликнинг айни шу турлари йилига 1,3 миллион кишининг ўлимига сабаб бўляпти. Ваҳоланки, вакциналар ёрдамида хасталик айрим штаммларининг олдини олса бўлади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тадқиқотига кўра, агар ўз вақтида ва кенг қамровда эмлаш, ташхислаш ҳамда даволаш чора-тадбирлари амалга оширилса, 2030 йилга келиб паст ва ўрта даромадли мамлакатларда тахминан 4,5 миллион эрта ўлимга барҳам бериш мумкин.
Зеро, ЖССТнинг Глобал гепатит стратегиясида 2030 йилгача янги касалланиш ҳолатларини 90 фоизга ва ўлимни 65 фоизга камайтириш мақсад қилинган.
Бироқ 2022 йилда дунё бўйича сурункали гепатит B га чалинган беморларнинг атиги 13 фоизига ташхис қўйилган ва бор-йўғи 3 фоизи муолажа олган. Вируснинг C турини юқтирган кишилардан 36 фоизида мазкур инфекция аниқланган ва 20 фоизигина даволанган.
Жорий йил “Ҳаракат қилиш вақти келди” шиори остида ўтказилган Халқаро гепатитга қарши кураш куни тадбирларида бу борадаги кўрсаткичларни оширишга доир тарғиботларга кенг ўрин берилди.
Ҳар 30 сонияда бир киши гепатит оқибатида ҳаётдан кўз юммоқда
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти гепатит касаллиги бўйича статистик таҳлилларни эълон қилди.