АсосийСаломатлик

Ерда кучли магнит бўронлари кузатилмоқда

Бундан қандай ҳимояланиш керак?

'Ерда кучли магнит бўронлари кузатилмоқда'ning rasmi

Халқаро метеорологларнинг огоҳлантиришича, 30-31 июль ва 1 август кунлари сайёрамизда 4-7 баллик давомли геомагнит бўронлари кузатилиши кутилмоқда. Хусусан, бугун тунда магнит бўронининг 7 баллик кучли қўзғалиши прогноз қилинган. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу борада қуйидаги тавсияларни беради: 

Кучли магнит бўрони чоғида артериал гипертония хасталиги бор одамларда қон босими кўтарилиши, гипотензив беморларнинг қон босими пасайиши, қандли диабет билан оғриётган кишиларнинг эса қонида қанд миқдори ортиши мумкин.

Бу ҳолат организмда ташқи стрессларга чидамлиликни таъминлайдиган мелатонин моддаси ишлаб чиқарилишининг камайиши билан изоҳланади. 

Оқибатда асаб тизими билан боғлиқ муаммоси бор инсонларда гормонлар ишлаб чиқарилиши кучайиб, асабийлик, ҳолсизлик, реакция сусайиши ёки кучайиши белгилари юзага келади.

Қолаверса, магнит бўрони бронхиал астма билан оғриган одамлар саломатлигида ҳам муаммоларни келтириб чиқариши кузатилган. 

Ўз навбатида, магнит бўронлари пайти баъзи одамларда ёруғлик ва баланд товушларга оғриқли реакция, уйқусизлик ёки аксинча уйқучанлик пайдо бўлади.

Шундай экан, бундай вазиятда, аввало, овқатланиш рационига алоҳида эътибор қаратиш ва кўпроқ суюқлик ичиш лозим. 

Ҳўл мевалар, қолаверса, майиз ва туршак каби калийга бой маҳсулотлар, таркибида C витамини кўп бўлган неъматлардан истеъмол қилиш зарур. 

Магнит бўрони кузатиладиган кунларда спиртли ва энергетик ичимликлардан бутунлай воз кечиш ҳамда ёғли, аччиқ, шўр таомлар истеъмол қилмаслик тавсия этилади. Чунки туз қон босими ошишига сабаб бўлади.

Тинчлантирувчи хусусиятга эга чойлардан ичиш ҳам мақсадга мувофиқ. Ўз навбатида, мутахассислар ортиқча зўриқтирувчи ишлар ва машғулотлар билан вақтинча шуғулланмасликни маслаҳат беришади. 

Сурункали касалликларга чалинганлар эса ўзлари билан шифокорлар томонидан буюрилган дори-дармонларни олиб юришлари ҳамда қон босимини тез-тез назорат қилиб туришлари лозим. 

 Кун давомида бир неча марта душ қабул қилиш ҳам катта фойда беради.

    Бошқа янгиликлар