Янги Ўзбекистонда инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш энг устувор вазифалар сирасига киритилган. Эзгу мақсад йўлида кенг кўламли ва изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилиб, бунинг учун тўла ҳуқуқий асослар яратилди. Бунинг самараси туфайли айни йўналишда миллий тажриба ва жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилган ютуқлар ўзаро уйғунлаштирилиб, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда янги ва самарали тизим яратилиши таъминланди.
2017 йилнинг 4 август санасидан ўз фаолиятини бошлаган Миллий гвардия ана шундай ҳаётбахш ислоҳотлар самараси бўлиб, хизматнинг асосий вазифаси жиноятни жазолаш эмас, балки олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Натижада ўтган қисқа даврда жамиятимизда ижтимоий–маънавий муҳит ўзгарди, жиноятчилик, унга қарши курашиш ва унинг олдини олишда дунёқарашимиз, онгу тафаккуримиз янгиланди.
Шунингдек, Миллий гвардия халқимиз, хусусан, янги авлод тасаввурида мардлик, жасорат ва ватанпарварлик мактаби сифатида намоён бўлмоқда. Бу борада соҳа ходимларининг айнан баркамол авлод орзуси йўлида амалга ошираётган эзгу ишлари эътиборга лойиқ. Бундай ҳаётбахш янгиланиш ва ўзгаришларни биргина жорий йилнинг олти ойи давомида олиб борилган саъй–ҳаракатлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Эзгу ташаббуслар доирасида ёзги татътилга қадар Фарғона вилоятида сурункали ва сабабсиз дарсга келмай юрган 235 минг нафар ўқувчилар тўлиқ мактабга қайтарилди. Келажагимиз ворисларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида шаҳар–туманларда 27 та “Ёш гвардиячилар” синфи ташкил этилиб, уларга 738 нафар ўқувчи қамраб олинди. Айни жараёнда оила – маҳалла – таълим муассасаси ҳамкорлиги изчил йўлга қўйилди. Ота–оналарнинг фарзанд таълим–тарбиясидаги масъулияти оширилиб, белгиланган юмушлар ҳар бир оила, маҳалла, мактаб кесимида ташкил этилди.
Ҳозирда вилоятнинг тўртинчи сектори тасарруфидаги 115 та маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 37 мингдан зиёд ёшлар Миллий гвардия томонидан оталиққа олинган. Бу ўғил–қизлар еттита гуруҳга ажратилиб, ҳар бир тоифа билан алоҳида–алоҳида иш ташкил этиляпти. Чунки бундай ёшлар билан ишлашда танаффус бўлмайди. Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, агар биз бу борада лоқайдлик, бепарволикка йўл қўйсак, “Ёшларнинг иш вақти – душманнинг иш вақти” бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Шу мақсадда вилоят маркази, ҳар бир шаҳар–туманда Чавандозлар мактаби иш бошлади. Янги мезон ва ёндашувлар асосида спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилди. Чунки ёшлар билан ишлашда энди тарғибот усулларини ўзгартириш зарур. Бундан буён аввалгидек қуруқ панд–насиҳат ёки жазолаш билан мақсадга эришиб бўлмайди. Мисол учун, яқинда оталиққа олинган маҳаллалардаги жиноятга мойил 30 нафар болаларни бир кун ўзимиз билан бирга яшаб, фаолиятимиз билан танишишлари учун шароит яратдик. Эрталабки нонуштадан тортиб, бадантарбия, жанговар тайёргарлик машғулотлари, сафда юриш, маънавият дарси сингари барча жараёнларда қатнашишди.
Эрталаб сўралганда атиги 1 нафар бола келажакда Миллий гавардияда ишлаш истагини билдирган бўлса, кун бўйи машғулотларда бирга қатнашганидан сўнг 30 нафар боланинг барчаси келгусида шу соҳада ишлашга тайёр эканлигини маълум қилди. Шу сабабли, бу каби саъй–ҳаракатлар самарадорлигини оширишда ана шундай янгича ёндашувларга катта эътибор қаратишимиз фойдадан холи бўлмайди.
Маълумки, вилоятимизда жиноятчиликка қарши курашиш, олдини олиш ва жиловлашда Жамоат хавфсизлиги концепцияси ишлаб чиқилган бўлиб. Миллий гвардия ходимлари томонидан вилоятдаги 32 та оммавий тадбирлар ўтказиладиган жойлар, 18 та марказий деҳқон бозорлари, умуман олганда, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ барча ҳудудларда куну тун хизмат фаолияти олиб борилади. Мисол учун, жорий йилнинг биринчи ярмида Миллий гвардия хизмати назорат қиладиган ҳудудда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (67/37) жиноятлар сони 30 тага камайишига эришилди. Ҳисобот даврида атиги 1 нафар муқаддам судланган шахс қайта жиноятга қўл урган ҳолат қайд этилди, холос. Шу даврда 3584 та маъмурий баённномалар расмийлаштирилди.
Аввал ИИБ тизимида фаолият кўрсатган 217 нафар психолог–инспекторлар Миллий гвардияга ўтказилиб, вояга етмаганлар билан ишлаш, профилактик ишлар самарадорлигини оширишда қувонарли ютуқлар қўлга киритилди. Биргина мисол, вилоятдаги 953 та умумтаълим мактабида ўқувчилар давомати қисқа фурсатда қарийб 100 фоизга етказилди. Миллий гвардия фаолияти йўлга қўйилганида унинг назоратидаги ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш учун атиги 786 та кузатув камералари мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг они 3882 тани ташкил этади. Жиноятни иссиқ изида фош этиш ва олдини олишда замонавий ахборот технологиялари, мустаҳкам моддий–техник база ҳамда ходимлар учун яратиб берилаётган қулай шароитлар муҳим аҳамиятга эга.
Хабарингиз бор, вилоятдаги Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари янги ташкил этилган 14 та оилавий болалар уйларига берилди. Ҳозирда бу каби оилавий болалар уйларида 67 нафар ўғил–қизларимиз тўлақонли оилада, ота–она бағрида, тўлиқ миллий қадриятларимиз руҳида тарбияланмоқда. Турли кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида оилавий уйларда тарбияланаётган 32 нафар қизларга 17 нафар психолог–инспекторлар бириктирилган. Ўз навбатида вилоятда “Меҳр дафтари” рўйхати шакллантирилиб, маҳаллий ҳокимлик идоралари кўмагида вояга етган ота–онасиз ёшлар давлат ҳисобидан яшашга тайёр жиҳозланган уй билан таъминланмоқда.
Мухтасар айтганда, эндиликда вилоятни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришда ҳар бир корхона–ташкилот, маҳалла, таълим муассасаси, оммавий тадбирлар ўтказиладиган жой, аҳоли гавжум масканларнинг ўз дарвозаси, қулф–калити бор. Айни жараёнда хизмат сифати ва фаолият кўлами тобора кенгайиб, бу борада жаҳоннинг энг илғор андозларидан унумли фойдаланиляпти. Табиийки, эзгу мақсад йўлида фаоллик ва фидойилик, ташаббускорлик юртимизнинг эртанги кун истиқболини таъминлашга хизмат қилади.
Шу фурсатдан фойдаланиб, Миллий гвардия сафида хизмат қилаётган барча ҳамкасблар, ҳамиша биз билан елкама–елка, бир сафда турган ҳамкорларимизни ушбу сана билан самимий муборакбод этаман. Юрт тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлидаги ютуқларимиз бардавом бўлаверсин!
Шавкат АКБАРОВ,
Миллий гвардиянинг Фарғона вилоятиб ўйича бошқармаси бошлиғи,
полковник.






