АсосийЖамият

Тошкент вилоятида “дом” чўккани рад этилди

Бино Наманганда экани ва сув тўпланиши сабаб йўлакларда чўкиш кузатилгани аниқланди.

'Тошкент вилоятида “дом” чўккани рад этилди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда "Тошкент вилоятидаги турар жой биноси чўкди", - деб талқин қилинган ҳолат аслида Наманган вилоятида аниқланган.  Бу ҳақда Қурилиш вазирлиги маълум қилди. 

Қайд этилишича, ҳолат Наманган вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ходимлари томонидан ўрганиб чиқилган. 

Мазкур ҳолатга ичимлик суви тармоғида юзага келган носозлик сабаб бўлган. Сув сизиб чиқиб, бинонинг икки ён томонида тўпланиши натижасида турар жой атрофидаги бетон йўлак (отмоска)ларда чўкиш ҳосил бўлган ва гранит плиталар бинонинг пойдеворидан кўчган.

Асоси ва ертўла қисми ўрганилганда эса ён ва тўсувчи деворларда ёрилиш ҳамда пол қисмида чўкиш ҳолатлари кузатилмаган. 

Қурувчи томонидан муаммо аниқланиши билан жойида бинонинг икки ён томон йўлагидаги чўкиш ҳолати бартараф этилиб, бетон йўлаклари қайта таъмирланган ҳамда сокол қисмидаги пойдевордан кўчган гранит плиталар жойига ўрнатилиб, ҳолат бартараф этилган.

    Бошқа янгиликлар