Жорий йилнинг март ойида Бекобод туманида юз берган ҳолат билан боғлиқ жиноят иши юзасидан Бош прокуратура маълумот берди.
Маълум қилинишича, Жиноят ишлари бўйича Бекобод туман судининг 2024 йил 13 августдаги ҳукмига мувофиқ Д. Х. (1989 йилда Тошкент вилоятида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 103-моддаси (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.
Жабрланувчи Н. Х. (марҳума)нинг қонуний вакили Р. С. судланувчи Д. Х.дан моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан тегишли хужжатларни тўплаб, фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан томонлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент вилоят судига апелляция (кассация) инстанциясига шикоят бериш ва протест келтириш мумкинлиги маълум қилинади.






