АсосийЖАМИЯТ

Шавкат Мирзиёев Президент Олимпиадаси иштирокчилари ва ғолибларини табриклади

Давлат раҳбари мусобақаларда мағлублар бўлмаганини, ҳар бир иштирокчи муҳим тажриба ва билим орттирганини қайд этган.

'Шавкат Мирзиёев Президент Олимпиадаси иштирокчилари ва ғолибларини табриклади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев Президент Олимпиадаси мусобақаларида иштирок этган ёш спортчилар, уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийларига табрик йўллади. Давлат раҳбари ўз мурожаатида бир қатор ёш спортчиларнинг натижаларини алоҳида эътироф этиб, уларга келгусидаги мусобақаларда омад тилади.

Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари ўз табригида Президент Олимпиадаси нафақат спортда биринчилик учун кураш, балки ёш авлод тарбияси, маънавияти ва ватанпарварлик туйғусини юксалтиришга хизмат қилган муҳим тадбир бўлганини таъкидлаган.

“Ушбу нуфузли беллашувлар фақат биринчилик учун курашиш эмас, теран фалсафага эга бўлган тарбия ва маънавият анжумани сифатида ҳам ўтганини таъкидлаш лозим. Қизғин руҳдаги мусобақалар ўғил-қизларимиз ўртасида ўзаро ҳурмат ва дўстлик муҳитини янада мустаҳкамлаб, уларнинг спорт ва ҳаёт ҳақидаги билимларини, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини юксалтиргани айниқса муҳимдир”, дейилади табрикда.

Қайд этилишича, икки ҳафтадан ортиқ давом этган мусобақаларда юқори натижалар ва рекордлар қайд этилган. Бу эса ёшлар ўртасида спортга бўлган қизиқишни янада оширган.

Табрикда айрим спортчиларнинг ютуқлари алоҳида эътироф этилган. Жумладан, қашқадарёлик Кумуш Кўчкинова дзюдо ва кураш бўйича иккита олтин медални қўлга киритган. Тошкентлик Айша Енина эса бадиий гимнастика бўйича учта олтин, битта кумуш ва битта бронза медалига сазовор бўлган.

Шунингдек, оғир атлетикачи Муштарий Ўролова 60 килограммдан юқори вазн тоифасида даст кўтаришда 109 килограмм, силтаб кўтаришда 136 килограмм ва икки кураш натижасига кўра 245 килограмм натижа қайд этиб, жаҳон рекордини ўрнатгани таъкидланган.

Шердор Эшпўлатов, Икром Мўминбоев, Беҳрўз Ҳасанов, Солиҳа Баҳодирова, Дилфуза Йўлдошева ва Зуҳра Иброҳимова ҳам ўз йўналишларида Ўзбекистон рекордларини янгилаган.

Парасузиш баҳсларида андижонлик Ҳикматулла Ҳайдаралиев ва қорақалпоғистонлик Шаҳноза Ережепбаева тўрттадан олтин медални қўлга киритган. Сирдарёлик енгил атлетикачи Дурдона Жуманқулова эса учкураш баҳсларида 2014 очко жамғариб, 14 ёшли спортчилар ўртасида энг юқори натижани қайд этган.

Шавкат Мирзиёев бугун спорт майдонларида тобланаётган ёшлар келгусида қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишига ишонч билдирган.

“Ўз кучингизга бўлган ишончни ҳеч қачон йўқотманг, ўз устингизда ишлашдан асло тўхтаманг! Ҳақиқий чемпионлар, чинакам алп паҳлавонлар фақат ғалаба билан эмас, балки қийинчиликларни мардона енгиб, мақсад сари қатъий интилиши билан ҳам ибрат ва намуна кўрсатади”, дея ёшларга мурожаат қилган Президент.

Давлат раҳбари мусобақаларда мағлублар бўлмаганини, ҳар бир иштирокчи муҳим тажриба ва билим орттирганини қайд этган. Шунингдек, ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаб келаётган ота-оналар, устоз ва мураббийларга миннатдорлик билдирган.

    Бошқа янгиликлар