Қорақалпоғистон Республикасидаги 2-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган 2 нафар вояга етмаган X.X. ва R.T. лар катта ёшли махбуслар билан бир камерада сақланаётганлиги аниқланди.
Болалар омбудсмани мониторинг доирасида аниқлаган ушбу қонун бузилиши юзасидан йўллаган алоҳида сўрови асосида ҳибсхонадаги мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан ўрганилган.
Аниқланишича, тергов ҳибсхонаси маъмуриятининг мутасадди мансабдор шахслари томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2011 йилдаги "Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида"ги Қонуннинг 41-моддаси талабларига риоя қилинмасдан, прокурор розилигини олмасдан туриб, вояга етмаганларни катта ёшли шахслар билан бир камерада сақланганлиги учун бу қонун бузилишига йўл қўйганларга "қаттиқ ҳайфсан" интизомий жазоси қўлланилди.
Текширувда катта ёшли маҳбуслар томонидан вояга етмаганлар ҳуқуқларига зарар етказиш фактлари аниқланмай, айни пайтда вояга етмаганлар катта ёшли шахслардан алоҳида камерага жойлаштирилган бўлиб, ҳибсхона маъмурияти қонун талабларига қатъий риоя қилиши Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган.
Болалар омбудсмани мониторинг натижасида аниқланган бола ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари бартараф этилиши устидан ўз кузатувини давом эттирмоқда






