16-17 август кунлари Ўзбекистондаги барча сиёсий партиялар - ЎзЛиДеП, “Миллий тикланиш” партияси, Ўзбекистон Экологик партияси, Халқ демократик партияси ҳамда “Адолат” социал-демократик партияси томонидан сайловда иштирок этишга ижозат бериш бўйича Марказий сайлов комиссиясига “Е-saylov” ахборот тизими орқали мурожаат юборилди ҳамда тўпланган имзо варақалари Марказий сайлов комиссиясига кўриб чиқиш учун топширилди.
Сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги МСКнинг эксперт гуруҳлари томонидан беш кунлик муддатда текшириб чиқилади.
Маълумки, сиёсий партиялар сайловда иштирок этиши ва депутатликка номзод кўрсатиши учун сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида 4 ой олдин Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган ва ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида 40 минг сайловчининг имзосини тўплаши зарур. Қонунчиликка кўра, ҳар бир маъмурий-ҳудудий тузилмадан, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тўпланган сайловчиларнинг имзолари, республика бўйича тўпланиши лозим бўлган имзоларнинг кўпи билан 8 фоизини ташкил этиши лозим.
31 июльда МСК ҳар бир сиёсий партияга имзо варақалари бланкаларини берди. Сиёсий партиялар шу кундан бошлаб ўз партиясининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзоларини тўплашга киришди.