2024 йилнинг 5 август санасида “Ўзбошимчаликбилан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун давлат раҳбари томонидан имзоланди. Мазкур қонун қачондан кучга киради, уй-жойларга ҳуқуқни эътироф этишда нималар инобатга олинади, эгалик ҳуқуқи масаласида аҳоли вакиллари қайси ташкилотга мурожаат қилиши керак? Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи Ғайрат Ҳамроев "Darakchi.uz"га мазкур масала юзасидан маълумот тақдим этди.
“Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун давлат раҳбари томонидан имзоланди. Бу қонун аҳолига нима беради?
Бу кўпчилик аҳоли кутаётган, миллионлаб оилалар ҳаётига дахлдор янгилик ҳисобланади. Қашқадарё вилоятидаги ўрганишларга кўра, ҳозирги кунда вилоятда ҳуқуқий ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ бўлмаган 400 мингдан ортиқ ер участкалари мавжуд. Мазкур қонун 3 ойдан сўнг кучга киради. Шундан сўнг, режа график асосида ҳуқуқларни эътироф этиш ишлари ҳудудлар бўйича босқичма-босқич ҳудудлар кесимида амалга оширилади. Вилоятдаги туман, шаҳарларда ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатларсиз қурилган уй-жойлар ва уларнинг жойлашиш ўрни, ҳолати ва қурилган вақти космик суратларни таҳлил қилиш орқали текшириб чиқилади. Ҳуқуқларнинг эътироф этилиши фуқароларнинг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатади. Уларда ўз уй-жойини қонуний расмийлаштириб олиш, бошқа шахсга сотиш, оила аъзоларини доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи пайдо бўлади. Шунингдек, мулкдорлар энди бу уйини таъмирлаш ёки қўшимча қурилиш қилиш учун имтиёзли кредитлар олиши, уй-жой жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиладиган ҳолларда, Қонунга мувофиқ компенсация талаб қилиши мумкин бўлди.
Қонунга кўра, якка тартибдаги уй-жойларга ҳуқуқни эътироф этишда нималар инобатга олинади?
Қонун 6 та боб ва 35 та моддадан иборат. Унгакўра, фуқаролар қуйидаги кўчмас мулкларни ўзномига (ижара ва мулк ҳуқуқи асосида) қонуний ўтказиб олиши мумкин.
1) 2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар якка тартибдаги уй-жой қурган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;
2) 2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер участкаси ҳамдаунда қурилган бино ва иншоотларга;
3) “бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;
4) 2021 йил 8 июнга қадар туман (шаҳар) ҳокими қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки Халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланмаган ер участкаларига;
5) боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидагитурар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер участкасига;
6) кичик саноат зоналарига 2020 йил 9 мартгача жойлаштирилган тадбиркорларнинг ер участкасига;
7) давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар вауйлар эгаллаган ер участкасига;
8) ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкасига.
Қонунда ҳуқуқларни эътироф этишнинг асосий шартлари ҳам аниқ белгиланган. Масалан, ер бошқа шахсга ажратилмаган ёки ауционга чиқарилмаган бўлиши, ер бўйича низо бўлмаслиги, бош режа талабларига зид эмаслиги ва бошқа омиллар ҳисобга олинади. Якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ерларга ижара ҳуқуқи қуйидаги ҳажмгача берилади:
-1998 йил 1 июлгача эгалланган бўлса – 0,24 гектаргача;
-1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 май кунига қадарегалланган бўлса – Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамдавилоят марказларида 0,06 гектар, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан ошмаган ҳажмда.
-ушбу ҳажмдан ортиқча ерлар, агар низо бўлмаса, деҳқон хўжалиги ёки томорқа хўжалиги юритиш учунрасмийлаштириб берилади.
Эгалик ҳуқуқи масаласида аҳоли вакилларига қайси ташкилотга мурожаат қилиши керак?
Эгалик ҳуқуқи масаласида фуқаролар Кадастр идораларига ёки бирор-бир ташкилотга мурожаат қилишлари талаб этилмайди.
Кадастр агентлиги томонидан ишлаб чиқилган режа-график асосида ҳуқуқларни эътироф этиш ҳудудлар бўйича босқичма-босқич олиб борилади. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга тааллуқли маълумотларни ва ҳужжатларни келишиш Кадастр агентлигининг автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади. Кадастр агентлиги Автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиб, унга барча ерлар бўйича 6 хил турдаги бирламчи маълумотларни киритади;
10 та ваколатли орган (ҳокимлик, қурилиш, экология, солиқ, “Ўзбеккосмос” агентлиги ва бошқалар) ҳар бир ер участкаси бўйича ўз ваколатидаги маълумотларни тизимга киритади;
-тизимда шакллантирилган электрон йиғмажилд маҳалла биноларида, Кадастр агентлиги сайтида ҳамда бошқа манбаларда эълон қилинади.
-тўпланган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва қонунийлиги адлия органлари томонидан ўрганиб чиқилади.
-ижобий хулоса қабул қилинган фуқароларга Кадастр агентлиги томонидан хабарнома юборилади.
Хабарнома асосида бир марталик тўловни амалга оширганларга ҳар чоракда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори билан ҳуқуқлар эътироф этилади (ерга – ижара ҳуқуқи, бино-иншоотга – мулк ҳуқуқи).Тўпланган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва қонунийлиги вилоят Адлия бошқармаси томонидан текшириб чиқилади. Уларнинг натижалари маҳалла бурчаклари, Кадастр агентлигининг сайти орқали жамоатчиликка эълон қилинади. Ижобий хулоса қабул қилинган фуқароларга СМС-хабарнома юборилади. У асосида бир марталик тўловни амалга оширганларга ҳар чоракда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори билан ҳуқуқлар эътироф этилади.
Прокуратура, ички ишлар, агроинспекция, экология, кадастр органлари қонунни амалга ошириш дадавлат назоратини ўрнатади. Шунингдек, қонунда жамоатчилик назоратига алоҳида эътибор қаратилган. Яъни, Халқ депутатлари туман Кенгашлари қарори билан ҳар бир маҳаллада жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади. Бу гуруҳларга маҳалла жойлашган округдан сайланган туман кенгаши депутати, маҳалла раиси ва фаол фуқаролар киритилади.
Эгалик ҳуқуқи эътироф этилгач, фуқаролар ҳужжатларни расмийлаштириб олиш учун тўлов қилишадими, бунда кимларга имтиёз берилади?
Турар жойлар, хусусийлаштирилган ёки мулк ҳуқуқи эътироф этилган бино ва иншоотлар остидаги ер участкаларига ҳуқуқларни эътироф этиш учун бир марталик тўлов олинади. Бу тўлов Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида 3 баравари, шаҳарларда 2 баравари ва бошқа аҳоли пунктларида бир бараварини ташкил этади. Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган ва ногиронлиги бўлган шахсларга чегирма берилади.