Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан “Мудофаа вазирлиги томонидан оталиққа олинган ёшлар ўртасида Мудофаа вазирлиги кубоги учун” ҳарбий-ватанпарварлик мажмуавий мусобақалари якунланди. Бугун, 23 август куни Қуролли Кучлар академиясида ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Хабарингиз бор, Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари Федерациялари билан ҳамкорликда вазирлик томонидан оталиққа олинган мамлакатимизнинг ёшлари иштирокидаги мусобақалар уч босқичда ташкил қилинган эди. Якуний босқичда 14 жамоа “Мардлар сафидаман!” шиори остидаги ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар танлови, “Ҳарбийлаштирилган эстафета”, “Арқон тортиш” ва “Заковат” интеллектуал ўйинлари бўйича 154 нафар ёшлар ғолиблик учун шиддатли баҳсларда беллашди.
Турли шартларда иштирокчиларнинг хилма-хил жиҳатдан устунлик қилиши, илғор бўлиши мусобақага янада қизғинлик баҳш этди. Хусусан, “Ҳарбийлаштирилган эстафета”да Андижон вилояти ёшлари тенгсиз натижани қайд этган бўлса, “Арқон тортиш”да Қашқадарё ёшлари барча рақибларидан устун келди. “Заковат” интеллектуал ўйинида эса Сирдарё ва Қорақалпоғистон ёшлари билимдонлик қилди.
Мусобақанинг тантанали ёпилиш маросимига мудофаа вазири ўринбосари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар ва пойтахтимиз ёшлари ташриф буюрди.
Шундай қилиб, якуний натижаларга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ёшларидан ташкил топган жамоа биринчи ўринни қўлга киритди. Ундан кейинги ўрин Навоий вилояти ёшларига насиб этган бўлса, кучли учликка Сирдарё жамоаси якун ясади.
Ғолибликни қўлга киритган жамоа аъзоларига Мудофаа вазирлиги кубоги, диплом ва медаллар, қимматбаҳо совғалар ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари топширилди.