Хабарингиз бор, Telegram асосчиси Дуров куни кеча ҳибсга олинган эди.
Telegram жамоаси Павел Дуровнинг Францияда ҳибсга олинишига муносабат билдирди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Компаниянинг таъкидлашича, Telegram “Европа Иттифоқи қонунларига тўлиқ риоя қилади”, контентни модерация қилиш эса “соҳа стандартларига мос келиб, доимий равишда такомиллаштирилмоқда”. Шунингдек, компания бош директорининг “яшириш учун ҳеч нарсаси йўқлиги ва у мунтазам равишда Европа бўйлаб саёҳат қилши” айтилган.
Дуров ёки платформа Telegram фойдаланувчиларнинг суиистеъмолликлари учун жавобгар экани ҳақидаги даъволарни Telegram жамоаси “абсурд” деб атаган ва “бу вазиятнинг тезда ҳал этилишини” кутаётганини билдирган.
Франция суд ҳокимияти Павел Дуровни қамоқда сақлаш муддатини узайтирди. Терговга яқин манба бу тергов судьясининг қарорига кўра максимал 96 соатгача узайтирилиши мумкинлигини айтмоқда.
Бу муддат тугагач, судья шахсни озод қилиш ёки унга айблов қўйиш ва қамоқда сақлаш муддатини узайтириш тўғрисида қарор чиқариши мумкин.
Дуров мессенжерда содир бўлаётган ноқонуний фаолиятда, хусусан, гиёҳванд моддалар савдоси, терроризм, болалар порнографиясини тарқатиш, фирибгарлик ва жиноятчиликнинг бошқа бир қатор соҳаларида иштирок этишда гумон қилинмоқда. Шу билан бирга, Франция ҳукумати тадбиркорнинг ҳибсга олинишига изоҳ бермади.