АсосийДУНЁ

Германиялик сиёсатчи Берлиндаги меҳмонхонада ўлик ҳолда топилди

Берлин полицияси маълумотига кўра, ҳодиса 4 ноябрь куни шаҳарнинг Митте туманида содир бўлган.

'Германиялик сиёсатчи Берлиндаги меҳмонхонада ўлик ҳолда топилди'ning rasmi

Германиянинг Бавария федерал ери бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт вазири ва “Эркин сайловчилар” партияси раҳбари Хуберт Айвангер Берлиндаги меҳмонхонада вафот этган ҳолда топилди. 55 ёшли сиёсатчининг ўлими юзасидан тергов ҳаракатлари бошланди.

Берлин полицияси маълумотига кўра, ҳодиса 4 ноябрь куни шаҳарнинг Митте туманида содир бўлган. Айвангернинг жасади меҳмонхонада аниқланган. Ҳозирча унинг ўлими сабаби маълум эмас.

Полиция ва прокуратура сиёсатчининг ўлим ҳолатларини ўрганмоқда. Тергов доирасида ўлим сабабини аниқлаш ва ҳодисада бошқа шахсларнинг иштироки бўлган-бўлмаганини текшириш кўзда тутилган.

“Bild” нашри хабар беришича, Айвангер Берлинда ўз партиясининг янги идораси очилишига бағишланган тадбирда иштирок этиши керак бўлган. Бироқ ўзини ёмон ҳис қилгани сабабли тадбирга бормаган. Кейинчалик унинг меҳмонхонадаги жасади топилган.

Бавария бош вазири Маркус Зёдер сиёсатчининг вафотини “мутлақ фожиа” деб атади.

“Биз ҳаммамиз чуқур қайғудамиз. Ҳозир, энг аввало, унинг оиласи ва фарзандлари ҳақида ўйлаяпмиз”, — деди у.

Хуберт Айвангер 2006 йилдан буён “Эркин сайловчилар” партиясининг Бавариядаги бўлимига раҳбарлик қилиб келган. Унинг раҳбарлиги даврида партия 2018 йилги сайловлардан сўнг илк бор федерал ер ҳукумати таркибидан ўрин олган.

Шундан сўнг партия Баварияда Маркус Зёдер бошчилигидаги Христиан-ижтимоий иттифоқи (CSU) билан коалиция тузган. Айвангер эса иқтисодиёт вазири ва бош вазир ўринбосари лавозимларини эгаллаган.

    Бошқа янгиликлар