Қозоғистонда эркак ўз васийлигидаги ўзбекистонлик қиз жиянларига жинсий зўравонлик қилгани ҳақида хабар берилганди. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова матбуот хизмати опа-сингиллар Ўзбекистонга қайтарилганини маълум қилди.
Қизларнинг опаси 6 июнь куни болалар омбудсманига мурожаат қилиб, онаси ва отаси вафот этгани, 12 ва 17 ёшли сингиллари учун ўзи энг яқин қариндош бўлса-да, унга эмас, балки амакиси Р.Р.нинг васийлигига берилгани билдирган.
Амакиси эса қизларни Қозоғистонга уйига олиб кетган, қизларга уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этган. Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан Р.Р.(эркак) процессуал тартибида ушланиб, унга нисбатан Қозоғистон Жиноят кодекси 121-моддаси, 3−1 қисми 1-банди (Жинсий характердаги зўравонлик ҳаракатлари) билан жиноят иши қўзғатилган ва қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Болалар омбудсманининг Қозоғистон болалар омбудсмани билан биргаликдаги ҳамкорлиги натижасида вояга етмаган И.А. ва С.Р. ларга Олмаота шаҳри адаптация марказида барча зарурий ижтимоий-психологик кўмак кўрсатилган.
Жиноят иши доирасидаги улар билан боғлиқ барча тергов ҳаракатлари ўтказилиб бўлганидан сўнг, 24 август куни қизлар Ўзбекистонга қайтарилган ва Тошкент шаҳридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди.
Шу кунларда қизларнинг опаси А.А.ни уларга васий этиб белгилашга оид ҳужжатлар расмийлаштирилиши жараёни кетмоқда, дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳозирда эркакка нисбатан дастлабки тергов тамомланиб, материаллар жиноят ишлари бўйича тегишли туман судига юборилди,– дейилади хабарда.