Францияда ҳибсга олинган Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуровни Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатиш таклиф этилди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.

Тегишли таклиф Россиядаги Евросиё халқаро университети ректори Константин Клименко томонидан илгари сурилган.

Шахсан мен Павел Дуровни буюк шахс деб ҳисоблайман. У янги рақамли технологиялар даврининг етакчиси ҳисобланади. Менимча, Дуров Нобель мукофотига лойиқ. Шунинг учун Нобель қўмитасига Павел Дуровга Нобель мукофотини бериш тўғрисида расмий тақдимот юбордим, дейди Клименко.

Унинг сўзларига кўра, ушбу ташаббус аллақачон Осиё ва Африка мамлакатларининг бир қатор университетлари ва жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан қўллаб-қувватланган.

Шунингдек, мен БРИКС Дубай инвестиция форуми ташкилий қўмитаси раиси сифатида Павелни ушбу форумнинг фахрий меҳмони ва спикери бўлишга таклиф қилдим. Таклифни қайтариб олиш ниятим ҳам йўқ. Агар Франция ҳукумати Дуровни қамоқдан чиқармаса, Павелга масофадан туриб БРИКСнинг Дубай форумида иштирок этиш имконияти берилади, дея хулоса қилди у.