АсосийДУНЁ

Севара Назархон Қозоғистоннинг II даражали “Дўстлик” ордени билан тақдирланди

Таъкидлаш жоизки, ушбу маросимда ўзбекистонлик дирижёр Комолиддин Ўринбоев ҳам Қозоғистоннинг II даражали “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

'Севара Назархон Қозоғистоннинг II даражали “Дўстлик” ордени билан тақдирланди'ning rasmi

Ўзбекистон халқ артисти Севара Назархон Қозоғистон Республикасининг II даражали “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда хонанда ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

Маълум қилинишича, давлат мукофоти хонандага Ўзбекистон ва Қозоғистон халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, маданий алоқаларни ривожлантириш ҳамда миллий мусиқа санъатини халқаро миқёсда тарғиб қилишга қўшган ҳиссаси учун берилган.

Мукофотларни топшириш маросими 29 октябрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтган. Давлат мукофотларини Қозоғистон вице-президенти Ерлан Қарин топширган.

Севара Назархон ушбу эътироф муносабати билан Қозоғистонга миннатдорлик билдирган. У ўз мурожаатида йиллар давомида ўз мусиқаси, ўз тили ва ижодий қарашларига содиқ қолганини таъкидлаган.

“Ватаним — Ўзбекистон. Менинг тилим — мусиқа. Менинг саҳнам — бутун дунё. Ва бу ҳали якуни эмас”, деб ёзган хонанда.

Таъкидлаш жоизки, ушбу маросимда ўзбекистонлик дирижёр Комолиддин Ўринбоев ҳам Қозоғистоннинг II даражали “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

    Бошқа янгиликлар