Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Анқарада бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммити якунида ҳужжатларни имзолаш жараёнида адашиб кетди. У Туркия учун ажратилган жой ўрнига Қозоғистон номидан имзоланиши керак бўлган ҳужжатга имзо чекди. Бу ҳақда “Cumhuriyet” хабар берди.
Маълум қилинишича, саммит Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши билан якунланган. Унда иштирокчи мамлакатлар раҳбарлари қабул қилинган қарорларни тасдиқлаш учун тегишли ҳужжатларни имзолаган.
Имзолаш жараёнида Эрдоғанга ҳам ҳужжат тақдим этилган. Бироқ у имзо қўйганидан кейин ёнидаги масъул ходимдан:
“Нотўғри жойга имзо қўймадикми?” деб сўраган.
Ходим эса: “Жаноб, бу Қозоғистонники эди. Туркия учун ажратилган жойга имзо қўйишингиз керак эди”, деб жавоб берган.
Бунга жавобан Туркия раҳбари: “Худо хайрингни берсин”, деган. Шундан сўнг масъул ходим ҳужжатни алмаштиришини билдирган. Бироздан кейин микрофонлар овози ўчирилган ва ходим янги ҳужжат олиб келиш учун кетган.
Кейинчалик у янги ҳужжат билан қайтиб, Эрдоғанга имзо қўйиши керак бўлган жойни кўрсатган. Президент “Қаерга?” деб сўраганида, ходим “Шу ерга, жаноб, мана шу майдонга”, деб жавоб берган. Шундан сўнг Эрдоған ҳужжатнинг тегишли қисмига имзо чеккан.
Ушбу ҳолат саммит доирасидаги имзолаш маросими вақтида видеотасвирга муҳрланиб қолган.






