АсосийДУНЁ

Сурияда кучли сел оқибатида 7 киши, жумладан, 5 нафар бола ҳалок бўлди

Раққа вилоятининг қишлоқ ҳудудидаги тупроқ тўғони бузилиши оқибатида 100 дан ортиқ оиланинг уй-жойларини сув босган.

'Сурияда кучли сел оқибатида 7 киши, жумладан, 5 нафар бола ҳалок бўлди'ning rasmi

Суриянинг етти вилоятида кузатилган кучли ёмғирлар селга сабаб бўлди. Табиий офат оқибатида 7 киши, жумладан, беш нафар бола ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда «Al Jazeera» хабар берди.

Маълум қилинишича, Ҳалаб, Раққа, Дайр аз-Зор, Ҳасака, Ҳама, Ҳимс ва Латакия вилоятларида кучли ёғингарчилик кузатилган. Оқибатда бир қатор ҳудудларда инфратузилмага жиддий зарар етган, айрим кўприклар эса қулаган.

Хусусан, Раққа вилоятининг Табқа шаҳри ғарбида жойлашган Ас-Салмоний кўприги сел сувлари таъсирида вайрон бўлган. Бунинг оқибатида Раққа ва Ҳалаб шаҳарларини боғловчи автомобиль йўли ёпилган.

Қутқарув хизматлари селда қолиб кетган автомобиллардаги 50 нафар кишини қутқарган. Шунингдек, 350 нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил оладиган иккита мактаб хавфсизлик нуқтаи назаридан эвакуация қилинган.

Раққа вилоятининг қишлоқ ҳудудидаги тупроқ тўғони бузилиши оқибатида 100 дан ортиқ оиланинг уй-жойларини сув босган. Бундан ташқари, учта лагерда истиқомат қилган қарийб 375 оила хавфсиз ҳудудларга кўчирилган.

Айни вақтда 200 дан ортиқ хонадон, шунингдек, шифохона, мактаб ва нонвойхоналарда тўпланган сувни чиқариш ишлари олиб борилмоқда. Селда қолиб кетган 40 дан ортиқ автомобиль ҳам хавфсиз жойларга олиб чиқилган.

    Бошқа янгиликлар