АсосийДУНЁ

Тинч океанида сув ҳарорати рекорд даражага етди: Жанубий Америкада тошқинлар кузатилмоқда

Эль-Ниньо ҳодисасининг таъсири АҚШдаги қишки об-ҳавода ҳам сезилиши кутилмоқда.

'Тинч океанида сув ҳарорати рекорд даражага етди: Жанубий Америкада тошқинлар кузатилмоқда'ning rasmi

Тинч океанининг Эль-Ниньо ҳодисаси кузатилаётган ҳудудида сув ҳарорати кетма-кет 150 кундан бери рекорд даражада юқори бўлмоқда. Бунинг оқибатида Жанубий Американинг ғарбий қисмида кучли ёғингарчилик, сув тошқинлари ва кўчкилар содир бўлмоқда. Бу ҳақда «Вашингтон пост» газетаси хабар берди.

Маълум қилинишича, Эль-Ниньо ҳодисасини кузатиш учун асосий ҳисобланадиган ҳудудда океан сувининг ўртача ҳарорати 30,2 даражага етган. Айрим нуқталарда эса бу кўрсаткич 31,6 даражагача кўтарилган. Аввалги энг юқори кўрсаткич 2015 йилда қайд этилган бўлиб, ўшанда сув ҳарорати 29,8 даражани ташкил қилган.

Эль-Ниньо таъсири, айниқса, Перу ва Эквадорда сезилмоқда. Перудаги метеорологик консалтинг компанияси раҳбари Абраҳам Левининг таъкидлашича, ҳар икки давлат замонавий тарихдаги энг кучли Эль-Ниньо ҳодисаларидан бирига тайёргарлик кўрмоқда.

Эквадорнинг Гуаякиль шаҳрида октябрь ойида қарийб 50,8 сантиметр ёмғир ёққан. Ҳолбуки, ушбу ҳудудда октябрь ойи учун ўртача ёғингарчилик миқдори атиги 0,5 сантиметрни ташкил этади. Бу одатий кўрсаткичдан қарийб 100 баравар кўп.

Шунингдек, ўтган ҳафта Эквадор пойтахти Кито шаҳрида кучли ёмғирлар сув тошқинларига сабаб бўлган. Чили пойтахти Сантьягода эса жала ёмғирлари оқибатида вайронкор сел ва кўчкилар юзага келган.

Перу қирғоқлари яқинида океан сувининг ҳарорати меъёрдан 9,4 даражагача юқори қайд этилмоқда. Мутахассислар мамлакатда ёмғирли мавсум бошланиши билан вазият янада оғирлашиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Эль-Ниньо ҳодисасининг таъсири АҚШдаги қишки об-ҳавода ҳам сезилиши кутилмоқда. Хусусан, мамлакатнинг ғарбий ва шарқий соҳилларида кучли бўронлар, Калифорния штатида сув тошқинлари, Флоридада эса одатдагидан кучли ёғингарчилик ва бошқа хавфли об-ҳаво ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилдаги Эль-Ниньо ҳодисаси кузатувлар тарихидаги энг кучлиларидан бирига айланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Мутахассислар бу ҳолат қурғоқчилик, кучли ёғингарчилик ва бошқа экстремал об-ҳаво ҳодисалари хавфини оширишидан огоҳлантирган.

    Бошқа янгиликлар