АсосийДУНЁ

Google раҳбарияти Ўзбекистондаги ислоҳотларни Google Pay мисолида юқори баҳолади

'Google раҳбарияти Ўзбекистондаги ислоҳотларни Google Pay мисолида юқори баҳолади'ning rasmi

Google’нинг ривожланаётган бозорлар бўйича давлат органлари билан алоқалар ва давлат сиёсати вице-президенти Дорон Авни Ўзбекистонда шахсий маълумотлар билан ишлаш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар глобал технологияларнинг мамлакат бозорига кириши учун янги имкониятлар очганини таъкидлади.

Дорон Авнининг LinkedIn саҳифасида маълум қилишича, жорий йил бошида Ўзбекистон шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ёндашувини янгилади. Маълумотларни қатъий локализация қилиш ўрнига, мослашувчан ва мувозанатли ёндашув танланди. Унинг фикрича, бу ўзгаришларнинг амалий натижаси ҳам кўп куттирмади — Google Pay Ўзбекистонда ишга тушди.

“Ҳукуматлар олдиндан тушунарли ва глобал тизимлар билан ўзаро ишлай оладиган қоидаларни яратса, глобал технологиялар ҳам тез кириб келади”, — деб ёзди у.

Дорон Авни ўз постида Google Pay’нинг Ўзбекистонда ишга туширилиши АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг мамлакатга ташрифи ва Самарқанддаги C5+1 вазирлар саммити давомида эълон қилинганига ҳам урғу берди. Унинг таъкидлашича, бу Ўзбекистон ва АҚШнинг рақамли модернизацияни жадаллаштириш борасидаги умумий интилишини кўрсатади.

“Ўзбекистон прагматик сиёсат орқали янги имкониятларга йўл очиш мумкинлигини амалда кўрсатмоқда”, — деб ёзди Google вице-президенти.

Маълумот учун: Саида Мирзиёева жорий йилнинг сентябрь ойида Нью-Йоркда Google вице-президенти Каран Бхатия билан учрашиб, технологик ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган эди.

“Биз сўнгги йилларда шахсга доир маълумотларни қайта ишлаш ва рақамли тўловлар соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштирдик. Бунинг натижасида Ўзбекистонда халқаро тўлов тизимларидан эркин фойдаланиш учун кенг йўл очилмоқда”, — деган эди Президент Администрацияси раҳбари.

Жорий йилнинг 27 октябрь куни Ўзбекистонда Google Pay ҳамда Apple Pay тизими тўлақонли ишга тушгани эълон қилинди.

    Бошқа янгиликлар