Ҳозирда Россияда ноқонуний муҳожирлар сони 630 мингга етди. Тегишли рақамлар РФ бош вазири ўринбосари Татяна Голикова раислигидаги миграция сиёсати бўйича ҳукумат комиссияси йиғилишида маълум қилинди. Бу ҳақда "Коммерсант" нашри хабар берди.
Нашрнинг қайд этишича, йиғилишда, хусусан, миграция ҳужжатлари бекор қилинган ёки муддати ўтган мигрантлар, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ва мамлакатдан чиқариб юборилиши керак бўлган муҳожирлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган назорат қилинадиган шахсларнинг махсус реестрини яратиш масаласи муҳокама қилинган.
Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовойнинг сўзларига кўра, айни пайтда Россия Федерациясида бўлиш режимини бузган, икки ва ундан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки ноқонуний меҳнат фаолияти олиб бораётган 630 мингга яқин ноқонуний мигрантлар бор, дейилади хабарда.
Горовойнинг таъкидлашича, барча ноқонуний муҳожирлар таклиф қилинаётган реестрга бирданига киритиладиган бўлса, "ҳеч қандай ИТ инфратузилмаси бунга дош беролмайди", шунинг учун биринчи навбатда нисбатан кичик ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган ноқонуний мигрантларга амнистия қўллашни таклиф қилди.
Федерал хавфсизлик хизмати контрразведка хизмати раҳбари Владислав Меншчиков ФСБ Ички ишлар вазирлиги раҳбари ўринбосарининг бу таклифини қўллаб-қувватлаши мумкинлигини билдирди, деб ёзади "Коммерсант".
Қайд этилишича, 2023 йилда Россия Федерациясида қонуний равишда бўлган меҳнат муҳожирлари сони 3,5 миллион кишидан ошмаган. Уларнинг аксарияти Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларидир.
Ноқонуний муҳожирларнинг мамлакатдан ихтиёрий чиқиб кетишини рағбатлантириш мақсадида ишлаб чиқилаётган назорат қилинадиган шахслар реестрини 2025 йилда жорий этиш режалаштирилган.
Россия Федерациясида муҳожирларнинг бўлиш тартибини қатъийлаштирувчи ва бундай реестрни яратишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси жорий йилнинг июнь ойи охирида Давлат Думаси томонидан қабул қилинган эди. Президент ушбу ҳужжатни 8 август куни имзолади ва у 5 февралдан кучга кириши керак.