Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси Россия Ташқи ишлар вазирлигига ўз фуқаросини ватанига қайтариш талаби билан нота йўллади. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, фуқаро номаълум шахсларнинг фирибгарлик ҳаракатлари оқибатида Россия армиясига тушиб қолган. Элчихона мазкур ҳолатни ҳар томонлама текшириш, айбдорларни аниқлаш ва уларни қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортишни ҳам талаб қилган.
Вазирлик баёнотида фуқаронинг тўлиқ исми ошкор этилмаган, унинг бош ҳарфлари Э.Т. экани кўрсатилган. Оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, гап Талас вилоятида яшовчи 21 ёшли Элистан Токтогулов ҳақида бормоқда.
Маълум қилинишича, 2026 йил кузида йигит ижтимоий тармоқларда Россияда иш таклиф қилинган эълонга дуч келган. Унга юк машинаси ҳайдовчиси ёки қўриқчи бўлиб ишлаш, ойига 110 минг рублгача маош олиш ваъда қилинган.
Бироқ Токтогулов Россияга борганидан сўнг алдов йўли билан Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга мажбурлангани айтилмоқда. Ҳозирда у Воронеж вилоятидаги полигонда бўлиб, ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига юборилишидан олдин тайёргарликдан ўтаётгани хабар қилинган.
3 ноябрь куни йигитнинг қариндошлари Манас шаҳрида пикет ўтказиб, видеомурожаат орқали Қирғизистон расмийларидан уни ватанига қайтаришда ёрдам сўраган.
Қирғизистон ТИВ элчихона Э.Т.нинг яқинлари билан доимий алоқада эканини ва масала алоҳида назоратга олинганини маълум қилган. Шунингдек, вазирлик фуқароларни хорижда ишга жойлашиш бўйича шартномаларни имзолашдан олдин уларнинг мазмунини синчковлик билан ўрганишга чақирган.






