Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида фойдаланишга яроқсиз, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган 500 та иситиш мосламасини ноқонуний сақлаб келган шахслар аниқланди. Улардан бири 120 та қозонни сохта ҳужжат ва сертификатлар асосида 45 минг АҚШ долларига сотган вақтда қўлга олинган.
Сўнгги кунларда ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ фожиали ҳолатлар кузатилаётган бир пайтда аҳоли хавфсизлигига таҳдид солувчи ноқонуний иситиш мосламалари савдоси фош этилди.
Маълум қилинишича, «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор профилактик тадбирлари доирасида Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Учтепа туман бўлими ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳри ҳудудида ўтказилган тадбир давомида 1989 йилда Хоразм вилоятида туғилган газ таъминоти ходими ва унинг шериги — 1972 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 184-моддаси билан судланган тадбиркор аниқланган.
Терговга қадар текширув маълумотларига кўра, улар ўзаро жиноий тил бириктириб, хорижда ишлаб чиқарилган, яроқлилик муддати ўтган ва фойдаланишга яроқсиз иситиш қозонларини сохта ҳужжат ҳамда сертификатлар билан сотишни йўлга қўйган.
Шахслар 120 та иситиш мосламасини ҳар бирини 380 АҚШ долларидан ҳисоблаб, жами 45 минг АҚШ долларига сотган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, гумонланувчилардан бирининг яшаш хонадони кўздан кечирилган. Натижада у ерда хориждан келтирилган, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган турли номдаги яна 500 та иситиш мосламаси ноқонуний сақланаётгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан иситиш мосламаларини ноқонуний сотиш билан боғлиқ ҳаракатларда гумонланаётган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 276¹¹-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Ички ишлар вазирлиги фуқароларни иситиш қозонлари ва бошқа мосламаларни фақат сертификати ҳамда кафолат ҳужжатлари мавжуд бўлган расмий савдо нуқталаридан харид қилишга чақирди.
Шунингдек, шубҳали шахслар томонидан қўлма-қўл сотилаётган, ишлатилган ва арзон нархда таклиф қилинаётган маҳсулотлардан эҳтиёт бўлиш, иситиш ускуналарини ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатишни эса фақат малакали мутахассисларга ишониш лозимлиги эслатилди.






