Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга амалий ташрифи якунланди. Давлат раҳбари Остонадан Тошкентга жўнаб кетди.
6 ноябрь куни Ўзбекистон етакчиси Қозоғистон пойтахтида сунъий интеллект соҳасидаги хавфсизлик масалаларига бағишланган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Ақаба жараёни доирасидаги учрашувида иштирок этди.
Тадбирда халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, шунингдек, рақамли технологиялар ривожи билан боғлиқ янги таҳдидларга биргаликда қарши туриш масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн билан учрашди. Шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари, Озарбайжон ва Қирғизистоннинг юқори мартабали вакиллари ҳамда Ақаба жараёни модератори билан мулоқотлар ўтказди.






