АсосийДУНЁ

Ёнғинда одамлар ҳалок бўлса, айбдорлардан 1,3 млрд сўм ундирилади

Бу 2 ноябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунда белгиланди.

'Ёнғинда одамлар ҳалок бўлса, айбдорлардан 1,3 млрд сўм ундирилади'ning rasmi

Ўзбекистонда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида инсон ҳаёти ва соғлиғига зарар етказган шахслардан 1,3 миллиард сўмгача товон пули ундирилиши мумкин. Шунингдек, бозорлар, савдо комплекслари ва савдо-кўнгилочар марказлари мулкдорлари объектларини ёнғиндан мажбурий суғурталаши шарт бўлади.

Бу 2 ноябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунда белгиланди.

Янги тартибга кўра, ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши оқибатида ёнғин содир бўлиб, инсон ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилса, суд айбдор шахс зиммасига етказилган зарарни қоплашдан ташқари алоҳида товон пули тўлаш мажбуриятини ҳам юклаши мумкин.

Товон пулининг миқдори жабрланувчининг ҳолатига қараб белгиланади. Жумладан:

— жабрланувчи вафот этган тақдирда — 1 миллиард 320 миллион сўмгача;

— I гуруҳ ногиронлиги белгиланган тақдирда — 660 миллион сўмгача;

— соғлиққа бошқа турдаги зарар етказилганда — 264 миллион сўмгача товон пули ундирилиши мумкин.

Бунда инсон ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар давлат фойдасига ундириладиган жарима ва молиявий санкциялардан олдин қопланади.

Қонун билан бозорлар, савдо комплекслари ҳамда савдо-кўнгилочар марказлари мулкдорлари зиммасига ҳам янги мажбуриятлар юклатилди. Улар учинчи шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига ёнғин оқибатида зарар етказилганлик учун фуқаролик жавобгарлигини суғурталаши, шунингдек, объектларни ёнғиндан мажбурий суғурта қилиши шарт.

Ушбу талабларни бажармаган мансабдор шахсларга 22 миллион сўмдан 33 миллион сўмгача жарима солинади. Ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такроран содир этилса, жарима 44 миллион сўмгача етади.

Шаҳарсозлик соҳасида ҳам жавобгарлик кучайтирилди. Энди объектларни лойиҳалаштириш, қуриш ёки фойдаланишга қабул қилиш жараёнида рухсат бериш тартибларига қонунга хилоф равишда аралашиш, ваколатли органлар ва хулоса берувчи шахсларга босим ўтказиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди.

Бундай ҳаракатлар учун 15 суткагача маъмурий қамоқ ёки 100 баравардан 150 бараваргача базавий ҳисоблаш миқдорида жарима қўлланилиши мумкин. Ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран содир этилса, айбдор 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Бундан ташқари, объектларда ёнғин аудити ўтказиш тартиби жорий этилмоқда. Мустақил аккредитациядан ўтган ташкилотлар томонидан аудит ўтказилади. Ижобий хулоса олган объектларда давлат ёнғин назорати органлари бир йил давомида режали текширувлар ўтказмайди.

Мазкур ўзгартишлар Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга, шунингдек, “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги ҳамда “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонунларга киритилди.

    Бошқа янгиликлар