АсосийЖамият

Ишдан олинган Мингбулоқ тумани ҳокими янги лавозимга тайинланди

Нуршод Худойбердиев фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйгани сабабли лавозимидан озод этилганди.

'Ишдан олинган Мингбулоқ тумани ҳокими янги лавозимга тайинланди'ning rasmi

Нуршод Худойбердиев Наманган вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тайинловга қадар у 2019 йил март ойидан бошлаб 5 йил давомида Мингбулоқ туманига ҳокимлик қилган. У президент Шавкат Мирзиёев раислигида 17 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйганлиги сабабли лавозимидан озод этилган 10 нафар ҳокимдан бири бўлганди.

18 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда Нуршод Худойбердиев туман фаоллари билан хайрлашиб, “Навқирон даврим шу ерда ўтди. Бақир-чақир қилган пайтларим бўлгандир, лекин ҳеч кимга ёмонлик қилмадим. Мингбулоқдан кетиш мен учун оғир, жуда оғир”, деб айтганди.

Вилоят ҳокимлининг хабарида айтилишича, у 2024 йилнинг август ойига қадар туман ҳокими бўлиб ишлаган.

Нуршод Худойбердиев меҳнат фаолияти давомида Наманган вилояти “Сувназорат” инспекциясида турли вазифаларда ишлаган. 2015—2016 йилларда Мингбулоқ тумани Зардарё ирригация тизими бошқармаси бошлиғи бўлган. 2016—2017 йилларда Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, 2017—2019 йилларда Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият кўрсатган.

    Бошқа янгиликлар