АсосийСиёсат

Ўзбекистонда айрим корхоналарга мол-мулк ва фойда солиғидан 50 фоизгача имтиёз берилади

Жорий йилда электротехника соҳасида ишлаб чиқаришни 40 триллион сўмга етказиш зарурлиги қайд этилди.

'Ўзбекистонда айрим корхоналарга мол-мулк ва фойда солиғидан 50 фоизгача имтиёз берилади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида электротехника соҳасида ишлаб чиқариш, экспорт ва инвестицияларни кўпайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Мамлакатимиз электротехника экспортининг тўртдан бирини мис сим ва пруток каби қўшилган қиймати паст товарлар ташкил қилаётгани қайд этилди.

Биздаги кабелларнинг 80 фоизи қурилиш ва маиший мақсадларда ишлатилаяпти. Автомобиль саноати учун талаб юқори бўлган кабеллар ишлаб чиқарувчи корхоналаримиз 4 тани ташкил қилади, холос.

Шу муносабат билан бундан буён электротехника соҳасидаги технопарклар ёндош йўналишлардаги корхоналар билан саноат кооперацияси асосида ривожлантирилиши белгиланди.

Бунинг учун Оҳангарон, Фарғона, Қарши ва Урганч шаҳарларидаги технопаркларда композит материаллар, металл ва пластмассага ишлов бериш, қолиплар ишлаб чиқариш, қадоқлаш каби ёндош соҳа корхоналарига 10 гектаргача жой ажратилади.

Мутасаддиларга аниқ лойиҳалар учун тайёр бинони қуриб, саноат ипотекаси шартларида тадбиркорларга бериш топширилди. Ушбу корхоналарга электротехника корхоналари каби мол-мулк ва фойда солиғидан 50 фоизгача имтиёз берилади.

Умуман, жорий йилда чуқур қайта ишланган мис маҳсулотлари улушини 60 фоизга, келгуси йилда 75 фоизга олиб чиқиш, 1 тонна мисдан қўшилган қийматни 1 минг долларга етказиш муҳимлиги таъкидланди.

Ҳозирда энергетика, қурилиш, сув хўжалиги, автомобилсозликда электротехника маҳсулотларига талаб кун сайин ошиб бормоқда.

Масалан, энергетика соҳасида 36 миллиард долларлик 27 гигаватт электр энергия ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилаяпти.

Кейинги уч йилда сув иншооти, магистрал тармоқ ва тақсимлаш нуқталарига 4 минг 150 та сув ҳисоблагич ўрнатиш, 2026 йилгача 243 та газ тақсимлаш пунктларини янгилаш вазифаси турибди.

Йилига қурилаётган 100 мингта хонадонли кўп қаватли уй-жой ҳамда 13 миллион квадрат нотурар бинолар учун ҳам кабель, трансформатор, иситиш ва совитиш тизимлари, насос, лифт, кузатув воситалари, электр ва газ ҳисоблагичлари керак.

Автомобиль саноатида ҳар йили 200 миллион доллардан ортиқ электротехника маҳсулоти импорт бўлаяпти.

Ушбу тармоқларнинг барчаси давлатдан имтиёз ва арзон маблағлар олаётганига эътибор қаратиб, Президент мутасаддиларнинг “маҳаллий маҳсулотлар бизни талабга жавоб бермайди, импорт қилишга мажбурман” деган баҳонаси эндиликда ўтмаслигини қайд этди.

Давлат инвестиция дастурлари ва йирик лойиҳаларда маҳаллий маҳсулотлар улушини кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Масалан, энергетикадаги хусусий шерикчилик лойиҳаларида маҳаллий товарлар улушини 25 фоизга, кабель-ўтказгичларда эса 70 фоизга етказиш бўйича келишувга эришилган. Бошқа тармоқларда ҳам шундай шартларни келишиб олиш топширилди.

Бунда, “Узэлтехсаноат” уюшмаси, вилоят ҳокимлари буюртмаларни корхоналарга жойлаштиради, тегишли тармоқлар раҳбарлари эса маҳаллий корхоналарга ўз талабларини етказиб, уларни стандартларга мослаштириш ва сертификат олишида кўмаклашади.

Умуман, жорий йилда электротехника соҳасида ишлаб чиқаришни 40 триллион сўмга етказиш зарурлиги қайд этилди.

    Бошқа янгиликлар