АсосийЖамият

Ўзбекистонда талабалар учун контракт пулини тўлаш муддатлари белгиланди

Талабаликка тавсия этилган абитуриентлар 2024 йил 15 сентябргача 25 фоизини тўлаши керак.

'Ўзбекистонда талабалар учун контракт пулини тўлаш муддатлари белгиланди'ning rasmi

Ўзбекистонда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб давлат ОТМларига тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар ҳамда таҳсил олаётган талабалар учун тўлов муддатлари белгиланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, белгиланган тўлов миқдорининг камида 25 фоизи талабаликка тавсия этилган абитуриентлар учун 2024 йил 15 сентябргача ёки Ўзбекистон таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатгача амалга ошириши керак.

Иккинчи ва ундан юқори курс талабалари учун 2024 йил 1 октябргача ёки олий таълим муассасаси ректори (директори) томонидан узайтириладиган муддатгача белгиланди.

Тўлов миқдорининг камида 50 фоизини 2025 йил 1 январгача, 75 фоизини 2025 йил 1 мартгача ва 100 фоизини 2025 йил 1 майгача ёки ОТМ ректори (директори) томонидан узайтириладиган муддатгача тўлаш лозим.

Вазирликнинг билдиришича, мазкур тартиб молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасалари учун тавсиявий характерга эга.

    Бошқа янгиликлар