Козим Носирович Тўлаганов Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бошлиғи лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Козим Тўлаганов бу лавозимга 2023 йил январь ойида тайинланган эди. Эндиликда у нодавлат-нотижорат ташкилот шаклидаги Архитектура ва қурилиш соҳаси фахрийлари кенгаши раиси этиб тайинланди.
Тошкент вилояти прокурори лавозимида ишлаган Сирожиддин Қаршибоевич Эшқувватов Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бошлиғи этиб тайинланди.
Маълумот учун, Эшқувватов 2011-2014 йилларда Бош прокуратура органларида терговни назорат қилиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари — ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган. Фаолияти давомида Андижон вилояти прокурори, Наманган вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари сифатида ҳам ишлаган. Сирожиддин Эшқувватов 1980 йилда Жиззах вилоятида туғилган. 2002 йилда Тошкент давлат юридик институтини ва 2009 йилда Бош прокуратура Олий ўқув курсларини тамомлаган.