АсосийСаломатлик

Қандли диабетни овоз орқали аниқлаш технологияси яратилди

Тадқиқотда касалликнинг 2-тури ташхиси қўйилган ва бу патология аниқланмаган 607 нафар кўнгилли қатнашди.

'Қандли диабетни овоз орқали аниқлаш технологияси яратилди'ning rasmi

Люксембург соғлиқни сақлаш институти олимлари беморнинг 25 сониялик овоз ёзувлари орқали қандли диабетни аниқлаш технологиясини ишлаб чиқди. Бу янгилик Европа қандли диабетни ўрганиш ассоциациясининг йиллик ҳисобот йиғилишида тақдим этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, тадқиқотда мазкур касалликнинг 2-тури ташхиси қўйилган ва бу патология аниқланмаган 607 нафар кўнгилли қатнашди. Уларга 2-3 жумладан иборат матнлар ўқитилиб, 25 сониялик аудиоёзувлари қайд этилди. 

Шундан сўнг овозлар диабетни аниқлашга мўлжаллаб яратилган сунъий интеллект моделига юкланди. Инновацион дастур тадқиқот қатнашчиларининг товуш баландлиги, интенсивлиги, оҳанги каби 6000 тагача овоз хусусиятларини сониялар ичида таҳлил қилди. 

 Якунда дастурий алгоритмлар қандли диабет бор-йўқлигини эркакларда 71 фоиз, аёлларда эса 66 фоиз тўғри аниқлашга муваффақ бўлди. 

Тадқиқотчилар фикрича, келгусида ушбу технология янада такомиллаштириб борилади. Шу тариқа сунъий интеллект қандли диабетни эрта босқичда, тезкор, тегишли қон таҳлиллари ва бошқа тиббий текширувларсиз аниқлаш воситасига айланади.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар