АсосийЖамият

Чилонзорда "котлован" сабаб йўлнинг бир қисми ўпирилиб тушди

Қурилиш вазирлиги ҳолатга муносабат билдирди.

'Чилонзорда "котлован" сабаб йўлнинг бир қисми ўпирилиб тушди'ning rasmi

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Чилонзор тумани Новза кўчасида “котлован” сабаб йўлнинг бир қисми ўпирилиб тушгани ҳолатига расмий муносабат билдирди.

Вазирликка кўра, ҳолат Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан тезкор ўрганилган.

Маълум қилинишича, ушбу объектдаги қурилиш ишлари “Runa International Trading INC” МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.

“Пастки қаватлари савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуасидан иборат кўп квартирали турар жой объектида қурилиш-монтаж ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 200-сонли қарори талабларига зид равишда, яъни инспекциядан қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун хабардор қилиш тартиби орқали рўйхатдан ўтмаган ҳолда бошлаб юборилган.

Ўрганишлар давомида ҳудуд атрофи профнастил билан ўралиб, ер ишлари тегишли қоида ва меъёрларга амал қилинмаган ҳолда олиб борилаётгани аниқланган”, дейилади расмий муносабатда.

Қўшимча қилинишича, МЧЖ раҳбарига қурилиш-монтаж ишларини тўхтатишга доир огоҳлантириш хати юборилган. Ҳозирда ҳолат назоратга олинган бўлиб, қўшимча маълумот тақдим қилиниши билдирилган. 

    Бошқа янгиликлар