АсосийЖамият

Паркентдаги заводда ишлаб чиқарилган 1,1 млрд сўмлик қалбаки алкоголь маҳсулотлари ушланди

Қалбаки маҳсулотлар Самарқанд ва Бухоро вилоятларига сотиш учун юборилаётган бўлган.

'Паркентдаги заводда ишлаб чиқарилган 1,1 млрд сўмлик қалбаки алкоголь маҳсулотлари ушланди'ning rasmi

Паркент туманидаги заводда ишлаб чиқарилган 1,1 млрд сўмлик қалбаки алкоголь маҳсулотларини муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси Матбуот хизмати хабар қилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг иқтисодий соҳада коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ходимлари томонидан Тошкент вилояти, Олмалиқ-Оҳангарон йўналишидаги А373-магистрал йўлида ўтказилган тадбирда, 2 та “ISUZU” русумли юк автомашиналари ҳайдовчилари Паркент туманидаги спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчи “B.G.” МЧЖда ишлаб чиқарилган “QR-код” маркировкаси қалбаки бўлган 4 хил номдаги жами 25 120 дона умумий қиймати 1,1 млрд сўмлик алкоголь маҳсулотини МЧЖ раҳбари Ш.Х.нинг топшириғига асосан Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги алкоголь маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи шахсларга етказиш мақсадида олиб кетаётганликлари аниқланган.

Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, “B.G.” МЧЖнинг ишлаб чиқариш цехи ҳамда корхона қўриқчиси А.А.нинг хонадони кўздан кечирилиб, 143 та ўрамдаги 14 300 дона қалбаки “QR-код” маркировка ва 14 176 дона акциз маркалар ашёвий далил сифатида олинган.       

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг “Давлат белгиси” давлат унитар корхонасининг хулосасига кўра, “B.G.” МЧЖдан олинган акциз маркалар 2023 йилда ишлаб чиқарилганлиги, яъни ҳозирда реализация қилиш тақиқланганлиги қайд этилган.

Бундан ташқари, “B.G.” МЧЖ масъул шахслари ва бошқалар ўтган йилда ишлаб чиқарилган акциз маркаларни йўқ қилинганлиги тўғрисида сохта далолатнома расмийлаштириб, амалда ушбу акциз маркалардан фойдаланган ҳолда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарганликлари, шунингдек 162,5 млн сўм солиқларни тўлашдан бўйин товлаганликлари аниқланган. 

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

    Бошқа янгиликлар