Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида ҳоким ёрдамчиси фуқаронинг пенсия миқдорини кўпайтириб беришни ваъда қилиб, 15 миллион сўм олгани айтилмоқда. У пулнинг 14,9 миллион сўмини қайтариб бераётган вақтда ушланган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилишича, Урганч шаҳридаги “Жамбул” маҳалласининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси Б.Х. фуқаро Ш.Ю.нинг ишончига кирган.
У юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали Ш.Ю.нинг турмуш ўртоғи З.К.га ёшга доир пенсия миқдорини кўпайтириб беришни ваъда қилган. Эвазига 15 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Б.Х. 14,9 миллион сўмни Ш.Ю.га қайтариб бераётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






