АсосийЖамият

30 мингга яқин объектга 500 нафар назоратчи номма-ном бириктирилади

Давлат ҳисобидан қурилаётган барча объектга тоифасига қараб камида 2 тадан видеокамера ўрнатилади.

'30 мингга яқин объектга 500 нафар назоратчи номма-ном бириктирилади'ning rasmi

АОКАда ўтказилган брифингда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов қурилиш соҳасида давлат назоратини кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Аниқланган хато ва камчиликларни жойида бартараф этиш мақсадида ҳудудий инспекцияларда қурувчи-операторлар штаби ташкил қилинади. 

Бу эса  инспекциялар мансабдор шахслари ҳатти-ҳаракати ҳамда қурилиш объектидаги қурилиш-монтаж ишларини онлайн назорат қилиш имконини яратади.

Давлат ҳисобидан қурилаётган барча объектга тоифасига қараб камида 2 тадан видеокамера ўрнатилади. Кузатув қурилмаси операторлар штабига маълумотларни онлайн етказиб туради. Шу орқали қурилиш жараёнлари, буюртмачининг техник, лойиҳачининг муаллифлик, пудратчининг ички назорат ишлари  доимий давлат назоратида бўлади.

 Ноқонуний қурилишлар бўйича маҳалла раислари ва жамоатчилик назорати кучайтирилмоқда. Бу орқали шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштирмасдан, ҳудудий инспекциялар рўйхатидан ўтмасдан ўзбошимчалик билан бошлаб юборилган қурилишларни ўз вақтида тўхтатиш чоралари кўрилади.

Эндиликда ҳар бир қурилаётган объект олдида QR кодли паспорт бўлиши шарт.   Агар бундай турдаги паспорт бўлмаса, қурилиш ноқонуний ҳисобланади. Қурилиш паспортида қурилишга тааллуқли  барча шаҳарсозлик ҳужжатлари бўлиши шарт.

Ушбу чораларни кучайтириш, қурилишларни сифатли бўлишига, ўз муддатида топширилишига, ноқонуний ва пала партиш қурилишларга чек қўйишга, инспекция ходимлари томонидан турли ножўя ҳатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

    Бошқа янгиликлар