АсосийЖамият

"Аввало ўқитувчининг ўзи ҳимоя қилинган ва етарли таъминланган бўлиши керак" - Президент

Президентнинг таълим-тарбия соҳаси вакиллари билан мулоқоти бошланди.

'"Аввало ўқитувчининг ўзи ҳимоя қилинган ва етарли таъминланган бўлиши керак" - Президент'ning rasmi

Аввало, алоҳида ўрнак кўрсатган таълим соҳаси ходимларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 

Президент мамлакатимизнинг барча таълим-тарбия ходимларини Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этиб, давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.

Мулоқотда бугунги кунда барча соҳа ва тармоқлардаги ислоҳотлар инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилаётгани таъкидланди.

Бош мақсади янги замон кишисини, Янги Ўзбекистон ёшларини тарбиялаш бўлган таълим ва тарбия соҳаси учун бу вазифа алоҳида аҳамият касб этади. 

“Ватан ва халқ манфаати учун мардона курашадиган, фаол фуқаролик позициясига эга, билимли ва бунёдкор авлодни ким тарбиялайди? Албатта, сизлар – заҳматкаш ва жонкуяр устозлар.

Бунинг учун аввало ўқитувчининг ўзи ҳуқуқий, ижтимоий ва молиявий томондан ҳимоя қилинган ва етарли таъминланган бўлиши керак. 

Шундагина у ўзининг чинакам инсоний ва касбий фазилатларини амалда намоён қила олади”,
 - деди Президент.

“Янгиланган Конституциямизда дунёдаги мўътабар шахс – ўқитувчи мақомини алоҳида мустаҳкамлаш, бу касбни жамиятдаги энг обрўли ишга айлантириш менинг неча йиллик орзуим, керак бўлса, армоним эди. 

Чунки ўзим ҳам кўп йиллар шу соҳада ишлаганман. Ўқитувчи меҳнати қанчалик оғир ва машаққатли эканини яхши биламан.

Афсуски, ана шундай шарафли ва олижаноб касб эгаларига биз яқин ўтмишда етарлича ҳурмат ва эътибор қарата олмадик.

Сир эмас, қайси соҳага қўшимча ишчи кучи керак бўлса, биринчи навбатда ўқитувчи-педагоглар жалб этиладиган бўлиб қолган эди. 

Биз мамлакатимизда янги ислоҳотларни бошлаган биринчи кунлардан эътиборан ана шу оғриқли масалани ҳал этишга – ўқитувчиларни, болалар ва аёлларни мажбурий меҳнатдан халос қилишга киришдик. 

Қатъий ирода ва интилиш билан бу нохуш ҳолатлар бугун тарихга айланди.

Мана, бу йил “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунни қабул қилдик. Конституциямизда белгиланган қоида энди ана шу қонун асосида ишлай бошлайди. 

Кимки ўқитувчига босим ўтказиб, унинг касб фаолиятига дахли бўлмаган ишларга, турли мажлисларга жалб этмоқчи бўлса, ана шу қонун асосида жавобгарликка тортилади”,
 - деди Президентимиз.

    Бошқа янгиликлар