Тошкент шаҳрида 2,2 млрд сўмлик яроқлилик муддати ўтган дори воситаларини муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати хабар қилди.
Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан Божхона бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “A.Ph.” хусусий корхонаси масъул шахслари ва бошқалар Юнусобод тумани 15-мавзесидаги манзилида жойлашган нотурар бинода умумий баҳоси 2,2 млрд сўмлик яроқлилик муддати ўтган дори воситаларини ўтказиш мақсадида сақлаб келаётганликлари аниқланиб, ушбу дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.