Янги ой кирди, пенсиям пластик картамга қачон тушади ёки нақд шаклда қачон оламан каби фуқароларда саволлар туғилиши табиий. Мазкур саволларга Пенсия жамғармаси ойдинлик киритди.
Маълум қилинишича, Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳар тўлов ойининг 2-кунига қадар тўлов топшириқнома (ведомост)лар шакллантиради ва ведомостлар ойнинг 4-кунига қадар пенсияни фуқароларга етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилотга тақдим этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 майдаги ПҚ-5102-сонли Қарор билан, пенсия тўловлари учун талаб этиладиган маблағларни Пенсия жамғармаси ҳар ойнинг 5-санасига қадар пенсия олувчиларнинг шахсий ҳисобварақларига (пластик карталарга) молиялаштирилиши белгиланган.
Халқ банки томонидан нақд шаклда пенсия олувчиларнинг маблағлари тасдиқланган графиклар асосида сайёр кассалар томонидан ҳар ойнинг 4-27 саналарида маҳалла фуқаролар йиғини (МФЙ)га борган ҳолда тўлаб берилади.