Жанубий Корея билан ҳамкорликда Сирдарё ва Жиззахда қуруқлик порти қурилиши бўйича техник иқтисодий асослантириш ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вазирлик ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази ва Жанубий Корея Океанлар ва балиқчилик вазирлигининг Порт инвестициялар департаменти вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда томонлар логистика инфратузилмасини яратиш ва модернизация қилиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш билан боғлиқ жиҳатлар кўриб чиқишди. Хусусан, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида қуруқлик порти ва ички терминалларнинг қурилишибўйича техник-иқтисодий асослашни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама этилди. 2024 йил 9 августда бошланган лойиҳа 13 ойга мўлжалланган бўлиб,2025 йил 12 сентябрда якунланади.
Қайд этилишича, лойиҳанинг мақсади ушбу ҳудудларда қуруқ портни ривожлантириш бўлиб, бу мамлакатнинг логистика инфратузилмасини яхшилашга ёрдам беради. Ички терминалларнинг ташкил этилиши Ўзбекистоннинг логистика мустақиллигини ошириш ва унинг Марказий Осиёдаги асосий логистика маркази сифатидаги ролини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлади.
Ўзбекистон 2021 йилда БМТ Осиё ва Тинч океани иқтисодий ва ижтимоий комиссиясининг “Қуруқлик портлари” тўғрисидаги битимга қўшилган. 2013 йил 1 майда Бангкокда тузилган битимнинг асосий мақсади Осиё ва Тинч океани минтақаси мамлакатларининг халқаро аҳамиятга эга “қуруқлик портлари” тармоғини ривожлантириш сиёсатини мувофиқлаштиришдан иборатдир.
Халқаро аҳамиятга эга “қуруқлик порти” деганда бир ёки ундан ортиқ транспорт турлари билан боғланган, қайта ишлаш, вақтинча сақлаш ва халқаро савдо жараёнида ташилаётган юкларни қонуний талабларга кўра кўрикдан ўтказишда ҳамда тегишли божхона назорати функциялари ва расмийлаштиришни амалга оширишга мўлжалланган логистик марказга эга мамлакат ҳудудларидаги жойтушунилади.