АсосийЖамият

“Мурожаатдан даромадга 5 қадам”: амалий натижалар

Жорий йилнинг ўтган даврида олтита вилоятдаги 400 дан зиёд маҳаллада “Мурожаатдан даромадга 5 қадам” лойиҳанинг ижроси таъминланди. Хўш, бу ишларнинг натижаси қандай бўляпти?

'“Мурожаатдан даромадга 5 қадам”: амалий натижалар'ning rasmi

Одамларнинг дардини ҳис этиш, оғирини енгил қилиш, орзу-истакларини рўёбга чиқариш бугун давлат идоралари раҳбарлари ҳамда масъуллари олдида турган энг долзарб аҳамиятга эга бўлган масала бўлиб турибди. 

Давлатимиз раҳбари баҳорнинг илк кунларида Хоразм вилоятига қилган ташрифи чоғида аҳолини бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида қатор топшириқлар берган эди.

Шундан келиб чиққан ҳолда Президент Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев ташаббуси билан жойларда оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринларини яратиш бўйича “Мурожаатдан даромадга 5 қадам” лойиҳасининг амалга оширилиши бошланганди.

Жорий йилнинг ўтган даврида Жиззах, Фарғона, Хоразм, Қорақалпоғистон, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларидаги 400 дан зиёд маҳаллада мазкур лойиҳанинг ижроси таъминланди. Унга кўра 2 мингга яқин мурожаатчига амалий ёрдам кўрсатилди. 

Хусусан, Хоразм вилояти Шовот ҳамда Ҳазорасп туманларида истиқомат қилувчи ишсиз аёлларнинг меҳнат бандлигини таъминлаш мақсадида 170 нафарига замонавий тикув машиналари топширилганди. Ўз тикув машинасига эга бўлган аёллар ишлаб чиқариш ҳамда оилавий корхоналарга кооперация шаклида бириктирилган эди. Хўш, бу ишларнинг натижаси қандай бўляпти?

Мисол учун яқин-яқингача ишсиз бўлган шовотлик Зулайҳо Сафоева эндиликда аёллар либосидан тортиб болалар учун мўлжалланган кийимларни тикяпти, кейинги режаларини эса аниқ мақсадга айлантирган. У миллий либосларни тикиб, хорижга экспорт қилишни ҳамда Хивада хорижлик меҳмонларга сотишни йўлга қўймоқда. 

Яна бир қаҳрамонимиз Шовот туманинг “Дўстлик” маҳалласида истиқомат қилувчи Раъно Қаландарова ҳам янги машиналарни қабул қилган аёллар билан иш бошлаган. Кооперация шаклигидаги фаолияти натижасида ишлаб чиқариш ҳажми бир неча баробарга ошган. Навбатдаги қадамини маҳсулотларни чет элга экспорт қилишга қаратган.

Рўзғорининг кам-кўстини тўлдириш, уйининг қурилишини тугатиш учун Иқбол Раҳимова турмуш ўртоғи билан 6-7 йил давомида чет элда ишлашига тўғри келган. Яқинлар дийдори, фарзандлар соғинчи унинг қалбини ўртаган. Президент Халқ қабулхонаси томонидан берилган имконият натижасида у ўз маҳалласида ишга, доимий даромадга эга бўлди. Бугун у ҳам ўз уйида, оиласи бағрида. 

Ҳунарнинг ортидан даромадли бўлишимиз мумкин, аммо қўлида ҳунари бўла туриб, ишни нимадан бошлашни билмаган ёки иш қуроли бўлмаган аёлларга берилган амалий кўмак бугун уларнинг оёққа туришга ёрдам берди. 

Масалан, Умида Исмоилова 5 нафар фарзанднинг онаси, турмуш ўртоғи 2-гуруҳ ногирони. “Мурожаатдан даромадга 5 қадам” лойиҳаси туфайли бугун у нафақат ўзини, балки қўшни аёлларни ҳам даромадли ишга йўналтира олди.  

Бундай имкониятдан ҳазорасплик аёллар ҳам четда қолмаган. Президент Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар асосида 104 нафар эҳтиёжманд аёлларга тикув машиналари совға қилинган эди. 29 нафар тадбиркорга кооперация асосида бириктирилган аёллар бугун ҳам ҳунарли, ҳам даромадли бўлишди.

Тадбиркор Матлуба Саттарова тикувчилик цехига замонавий тикув машиналари ўрнатилиб, 8 нафар ишсиз аёлнинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, ушбу тикувчилик корхонасига “Аёллар дафтари”да турувчи 15 нафар хотин-қизлар жалб этилиб, уларнинг ҳам бандлиги таъминланди. 

Умуман олганда, кўрсатилган ёрдам туфайли бугун оёққа туриб, даромад топаётган аёллар ўз ишининг устасига айланишмоқда.

Президент Халқ қабулхонасининг “Мурожаатдан даромадга 5 қадам” лойиҳаси бошқа ҳудудларда ҳам давом этмоқда.

 

 

 

    Бошқа янгиликлар