МИБнинг берган хабарига кўра, кредит таъминотига тақдим этилган мулк кредит асосий қарзи ва фоизларининг тўлиқ қайтарилишига гаров ҳисобланади. Шу муносабат билан, гаров баҳоси кредит суммасидан кўпроқ бўлиши керак. Кредит тўловлари муддатида қайтарилмаган тақдирда, кредит тўловларини ундириш гаровга қўйилган таъминотга қаратилади.
Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси иш юритувига келиб тушган суднинг ижро ҳужжатига кўра, АТБ “Агробанк” фойдасига 4 та масъулияти чекланган жамиятлардан солидар тартибда 9 млрд. сўмдан зиёд кредит қарздорлигини ундириш ва ундирувни гаровдаги мулкларга қаратилиши белгиланган.
Ижро ҳаракатлари давомида гаровдаги Хонобод шаҳрида жойлашган 40 млрд. сўмлик ишлаб чиқариш бино-иншооти хатлаб қўйилди.
Ҳозирда қарздорлик қопланмагани сабаб ушбу бино “e-auksion” савдо платформаси орқали сотувга қўйилган.