Солиқ органлари томонидан ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахс ва у билан ишлаган корхоналарда 47 млрд сўмдан ортиқ солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Камерал солиқ текшируви натижасида, ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахс мақомидаги фуқаро А.Н банкда ҳисобрақам очмасдан фаолият юритганлиги, банк операцияларини амалга оширмаганлиги ҳамда солиқ ҳисоботларини тақдим этмаганлиги маълум бўлди.
У томонидан тўртта юридик шахсларга реализация қилинган, 120 млрд сўмдан ортиқ қийматдаги товарларнинг кирим ҳужжатлари мавжуд бўлмаган.
Кирим ҳужжатлари мавжуд бўлмаган товарларни реализация қилганлиги ҳамда товарларни реализация қилиш бўйича айланмаларини солиқ ҳисоботларида акс эттирилмаганлиги сабабли 31,2 млрд.сўмлик солиқларни тўлашдан қочган.
Ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахсдан товар сотиб олган юридик шахсларга нисбатан ҳам камерал солиқ текширувлари ўтказилиб, 16 миллиард сўмлик солиқ тўланмаганлиги аниқланди.
Текширув материаллари ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Солиқ органлари фаолиятини рақамлаштириш ва автоматлаштирилган ахборот-таҳлил тизимларини жорий этиш нафақат очиқлик ва шаффофликни таʻминлаш, балки нопок тадбиркорлар томонидан ишлатиладиган солиқ тўлашдан бўйин товлаш схемаларини аниқлаш ва тезкор чора кўриш учун асос яратмоқда.