АсосийЖАМИЯТ

Тошкентда 22 мингдан ортиқ йўловчи автобусда чиптасиз юргани учун такроран жаримага тортилди

Пойтахт автобусларида 2025 йил октябридан 2026 йил 10 ноябрига қадар йўл ҳақини тўламаган йўловчиларга нисбатан 170 мингдан ортиқ маъмурий баённома расмийлаштирилган. Уларнинг 9 нафари ўн ва ундан ортиқ марта жаримага тортилган.

'Тошкентда 22 мингдан ортиқ йўловчи автобусда чиптасиз юргани учун такроран жаримага тортилди'ning rasmi

Тошкент шаҳар автобусларида йўл ҳақини тўламаган 22 929 нафар йўловчи камида икки марта жаримага тортилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, 2025 йил октябридан 2026 йил 10 ноябрига қадар пойтахт автобусларида йўл ҳақини тўламаслик билан боғлиқ 170 минг 937 та маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Қайд этилишича, такроран қоидабузарлик содир этган 22 929 нафар йўловчининг 17 327 нафари икки марта, 4 033 нафари уч марта, 1 099 нафари эса тўрт марта жаримага тортилган.

Шунингдек, 461 нафар йўловчи беш мартадан тўққиз мартагача, яна 9 нафари эса ўн ва ундан ортиқ марта жаримага тортилган.

Йўл ҳақини тўламаган йўловчиларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси 5-қисмига мувофиқ жарима қўлланилади. Ҳар бир янги ҳуқуқбузарлик учун алоҳида маъмурий жарима белгиланиши мумкин.

    Бошқа янгиликлар