Ўзбекистонда меҳнат ва машғулотлар соҳасида шаҳвоний шилқимликнинг олдини олишга қаратилган янги нормалар жорий этилди. Эндиликда иш берувчилар меҳнат жамоасида бундай ҳолатлардан холи муҳит яратиш учун зарур чораларни кўриши шарт. Бу 2026 йил 13 ноябрда қабул қилинган ЎРҚ–1189-сонли қонунда белгиланган.
Ҳужжат билан Меҳнат кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга мувофиқ, меҳнат ва машғулотлар соҳасида шаҳвоний шилқимликка йўл қўйилмайди. Шунингдек, қонунда ушбу тушунчанинг ҳуқуқий таърифи ҳам мустаҳкамланди.
Қонунга кўра, шаҳвоний шилқимлик — шахс учун номақбул бўлган, унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган ҳамда шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатлар ҳисобланади.
Жумладан, қуйидагилар шаҳвоний шилқимлик сифатида баҳоланиши мумкин:
-
шахснинг ташқи кўриниши ёки қадди-қомати ҳақида шаҳвоний мазмундаги номақбул изоҳлар бериш;
-
шаҳвоний хусусиятга эга имо-ишоралар қилиш;
-
шахсга номақбул тарзда жисмоний тегиниш;
-
шаҳвоний мазмундаги чақириқ ва мурожаатлар қилиш.
Шу билан бирга, янги нормалар иш берувчилар зиммасига ҳам муайян мажбуриятларни юклайди. Улар меҳнат жамоасида шаҳвоний шилқимликдан холи муҳитни таъминлаш учун барча зарур чораларни кўриши шарт.
Мазкур ўзгартишлар ходимларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, иш жойида хавфсиз ҳамда ўзаро ҳурматга асосланган муҳитни шакллантиришга қаратилган.
Қонун 2026 йил 13 ноябрдан кучга кирган.






