2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Тошкент шаҳрида ОИВ инфекциясининг 307 та янги ҳолати қайд этилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17 тага кам. Айни пайтда пойтахтда ОИВ билан яшаётганлар сони 10 минг 382 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 13 ноябрдаги қарорида маълум қилинган.
Қайд этилишича, ОИВ билан яшаётганларнинг 5 минг 916 нафари эркаклар, 4 минг 465 нафари аёллардир. Уларнинг 137 нафари 18 ёшгача бўлган болалар.
2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида аниқланган 307 та янги ҳолатнинг 233 таси (75,9 фоиз) жинсий йўл билан юққан. 13 та ҳолатда (4,2 фоиз) инфекция тиббий муолажалар орқали, 4 та ҳолатда (1,3 фоиз) нотиббий парентерал йўл билан, яна 6 та ҳолатда (2 фоиз) гиёҳванд моддаларни томир ичига юбориш оқибатида юққани қайд этилган.
Туманлар кесимида ОИВ инфекцияси кўрсаткичи Бектемирда 17,0, Мирободда 15,4, Учтепада 14,8, Янгиҳаётда 11,1, Сергелида 9,8, Яшнобод ва Юнусободда 9,7 ни ташкил этган. Ушбу туманлардаги кўрсаткичлар шаҳар бўйича ўртача даражадан юқори.
Маълумот учун, 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида Тошкент шаҳрида ОИВ инфекциясининг 324 та янги ҳолати аниқланган. 2026 йилнинг шу даврида эса бу кўрсаткич 307 тани ташкил этган.






