АсосийЖАМИЯТ

Тошкентда 15–16 ёшли қизлар орасида 7 та ҳомиладорлик ҳолати аниқланди

Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўзгармаган. Шу билан бирга, икки йилгача оралиқда фарзандли бўлган аёллар сони 133 нафарга кўпайган.

'Тошкентда 15–16 ёшли қизлар орасида 7 та ҳомиладорлик ҳолати аниқланди'ning rasmi

Жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида Тошкент шаҳрида 15–16 ёшли қизлар ўртасида 7 та ҳомиладорлик ҳолати аниқланган. Бу ҳақда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 13 ноябрдаги қарорида келтирилган.

Ҳужжатга кўра, 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида ҳам мазкур ёш тоифасидаги қизлар ўртасида 7 та ҳомиладорлик ҳолати қайд этилган.

Шунингдек, жорий йилнинг ҳисобот даврида икки йилгача оралиқда туққан аёллар сони 2054 нафарни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу давридаги 1921 нафарга нисбатан 133 нафарга кўп. Тўртинчи ва бешинчи фарзандини дунёга келтирган аёллар сони эса 3149 нафар бўлиб, ўтган йилга нисбатан 22 нафарга камайган.

Бундан ташқари, 35 ёшдан катта аёллар томонидан 2898 та туғруқ қайд этилган. 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида бу кўрсаткич 2758 тани ташкил қилган.

Пойтахтда жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида жами 41 993 нафар тирик чақалоқ туғилган. Бу ўтган йилнинг мос давридаги 47 703 нафарга нисбатан 5710 нафарга кам.

Ҳисобот даврида оналар ўлими билан боғлиқ 5 та ҳолат қайд этилган. 2025 йилнинг мос даврида эса бу кўрсаткич 6 тани ташкил қилган. Оналар ўлими коэффициенти ҳар 100 минг нафар тирик туғилган чақалоққа нисбатан 11,9 ни ташкил этган.

Қарорда 15–16 ёшли қизлар ўртасида ҳомиладорлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида таълим муассасалари, маҳаллалар ва оилалар билан профилактик ишларни ташкил этиш вазифаси ҳам белгиланган.

    Бошқа янгиликлар