Президент қарори билан жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган аёлларнинг уч ёшгача бўлган фарзандлари учун иккита махсус давлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилади. Бу ҳақда тегишли қарор қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил 1 декабрдан бошлаб Ички ишлар вазирлиги тизимидаги 21-сонли ахлоқ тузатиш колонияси ҳузуридаги Болалар уйи ҳамда 42-сонли манзил-колония негизида "Она ва бола маркази" ташкил этилади.
Марказларга уч ёшгача бўлган болалар қабул қилинади. Уларда беш нафаргача болага мўлжалланган, кеча-ю кундуз фаолият юритувчи гуруҳлар ташкил этилади.
Шунингдек, болаларнинг яшаши, тиббий ёрдам олиши, ёшига мос ривожланиши ва тарбияланиши учун зарур шароитлар яратилади.
Қарорга кўра, колониялар болаларни озиқ-овқат, кийим-кечак, пойабзал ва юмшоқ инвентарь билан болалар уйлари тарбияланувчилари учун белгиланган меъёрлар асосида таъминлайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги болаларнинг ўз вақтида эмланиши ва тиббий кўрикдан ўтказилишини таъминлайди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги эса болалар ва уларнинг оналари учун яратилган шароитларни ҳар чоракда мониторинг қилиб боради.






