АсосийЖамият

Тошкентда “Николай” тангаларини сотишга уринганлар қўлга тушди

Улар 67 минг долларга сотмоқчи бўлган.

'Тошкентда “Николай” тангаларини сотишга уринганлар қўлга тушди'ning rasmi

Тошкент шаҳрида ноёб олтин тангаларни ноқонуний тарзда сотишга уринганлар ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Олмазор туманида истиқомат қилувчи 1966 йилда туғилган А.Х. 100 дона олтин тангани Андижон шаҳрида яшовчи, 1963 йилда туғилган Э.С. га 67 минг АҚШ долларига сотган вақтида уларнинг иккаласи ҳам ашёвий далиллар билан ушланган. Шунингдек, фуқаро А.Х.га тегишли автомашинадан қўшимча 37 дона олтин танга ҳам тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Экспертиза хулосасига кўра, соф оғирлиги жами 776 грамм тарихий аҳамиятга эга тангаларнинг умумий қиймати 950 миллион сўмни ташкил этади. Аниқланишича, фуқаро Э.С. халқ тилида “Николай” тангалари деб айтиладиган ушбу тарихий, моддий қимматликларни Қирғизистоннинг Ўш вилоятига олиб бориб, сотишни режалаштирган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 177-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар